Шавкат Мирзиёев 9 август куни Япония бош вазири Фумио Кишида билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати. Суҳбат Япония томонининг ташаббуси билан бўлиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев бир кун аввал Япония жануби-шарқида рўй берган кучли зилзила ва эҳтимолий цунами юзасидан хавотир билдирди.

Аввалроқ Япония метеорология агентлигининг Тинч океани жануби-ғарбдан Япониянинг марказий қисмигача чўзилган ҳудудида юзага келиши мумкин бўлган кучли зилзила хавфи ҳақида огоҳлантириши сабабли Фумио Кишида 9−12 август кунлари Қозоғистон, Ўзбекистон ва Мўғулистонга режалаштирилган сафарини бекор қилганди.

«Ўзбекистон Япония томонининг „Марказий Осиё + Япония“ биринчи саммитини ўтказиш ва бош вазир Кишиданинг 10−11 август кунларига режалаштирилган мамлакатимизга расмий ташрифи муддатларини кўчириш тўғрисидаги қарорини тўлиқ тушунади», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Томонлар тайёргарлик ишларини давом эттиришга ва дипломатик каналлар орқали ташрифни ташкил этишнинг янги саналарини келишиб олиш ҳақида гаплашди.