Эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси вакили Ғуломжон Абдуллаев Париждаги Олимпия ўйинларининг бронза медалини қўлга киритди.

25 ёшли Ғуломжон Абдуллаев (57 кг гача) бир кун аввал ярим финалда америкалик Спенсер Лига ютқазиб қўйганди. Унинг рақиби финалгача етиб борди ва шу орқали ўзбекистонлик бронза медали учун курашиш имкониятига эга бўлди.

Унга қирғизистонлик 23 ёшли Бекзат Алмаз ўғли қаршилик кўрсатди. Ғуломжон Абдуллаев уни 5:1 ҳисобида мағлуб этиб, Олимпиаданинг бронза медали соҳибига айланди.

Шу тариқа у аллақачон учта олтин медалга эга Ўзбекистон ҳисобига учинчи «бронза»ни қўшиб қўйди. Хабар эълон қилинган пайтда терма жамоа медаллар рейтингида 18-ўринни эгаллаб турибди.

Ғуломжон Абдуллаев 1998 йил 11 ноябрда Хоразм вилоятида туғилган. Мураббийи — Бахтиёр Собиров. 2016 йилда ёшлар терма жамоаси вакили бўлган, 2018 йилдан эса терма жамоа аъзоси ҳисобланади.

18 ёшида курашчи U-20 жаҳон чемпионатининг бронза медали соҳибига айланган. Ёшлар ўртасида икки карра Осиё чемпиони. Конья-2021 Ислом бирдамлик ўйинларида ҳам олтин медални қўлга киритган. Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчиси ҳисобланади.