9 август куни Остона шаҳрида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев раислигида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди, дея хабар берди Акорда матбуот хизмати.

Қозоғистон президенти маслаҳат учрашувлари натижалари минтақавий ҳамкорликни мисли кўрилмаган даражага олиб чиққанини, унга тизимли, кенг қамровли ва энг муҳими, ишончли характер берганини таъкидлади.

«Умумий саъй-ҳаракатлар туфайли узоқ муддатли асосий масалалар ҳал этилмоқда. Минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Чегара, сув таъминоти, миграция масалалари тизимли равишда ҳал этилиб, ўзаро савдодаги кўплаб тўсиқлар бартараф этилди. Чегаралардаги назорат-ўтказиш пунктлари модернизация қилинмоқда, транспорт алоқалари кенгайтирилмоқда, янги йўналишлар очилмоқда. Савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда», — деди у.

Қосим-Жомарт Тоқаевнинг таъкидлашича, ўтган йиллар давомида маслаҳат учрашувлари «минтақанинг халқаро субъективлиги ва бирлигини, шунингдек, замон чақириқларига биргаликда жавоб беришга тайёрликни кўрсатувчи самарали платформага айланди».

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги «оғир геосиёсий ва иқтисодий воқелик шароитида минтақада ҳамкорликни ривожлантиришнинг юқори динамикасини сақлаб қолиш ниҳоятда муҳим». Қолаверса, у Марказий Осиё тараққиёти учун бир қатор вазифаларни белгилаб берди.

сув ресурслари, трансафғон темир йўли, трансафғон темирйўли, транскаспий йўлаги, транспорт, қозоғистон

«Бугун биз халқаро муносабатлар тизимининг фундаментал асосларида хавфли эрозияга гувоҳ бўлмоқдамиз. Бундай шароитда минтақамизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш асосий вазифа бўлиб қолмоқда. Кўриниб турибдики, замонавий чақирув ва таҳдидларни енгиш давлатларимиз ўртасида сиёсий мулоқот ва ишонч чораларини кучайтириш орқалигина мумкин. […] Минтақавий ҳамкорлик доирасида ташқи ҳамкорлар билан ҳар томонлама ҳамкорликни тизимли равишда ошираётганимиз муҳим. Дунёнинг етакчи давлатларининг „Марказий Осиё плюс“ форматига қизиқиши бунинг яққол тасдиғидир», — деди Тоқаев.

Қозоғистон раҳбари президентларни Марказий Осиё хавфсизлик, ҳамкорлик ва фаровонлик майдони бўлиб қолиши учун барча саъй-ҳаракатларни жамлашга чақирди.

сув ресурслари, трансафғон темир йўли, трансафғон темирйўли, транскаспий йўлаги, транспорт, қозоғистон

Қосим-Жомарт Тоқаев ўзаро ҳамкорликнинг иқтисодий асосларини шакллантириш яна бир вазифа эканини айтди. Ҳудудлараро товар айирбошлаш ҳажми 11 млрд долларга етди, яқин келажакда уни 15 млрд долларга ошириш имконияти мавжуд.

«Қўшма йирик инфратузилма ва транспорт лойиҳалари мамлакатларимиз иқтисодиёти учун янги ўсиш нуқталарига айланиши мумкин. Минтақада бундай ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг яхши намуналари аллақачон мавжуд. Гап Қирғизистондаги Қамбарота ГЭС-1, Тожикистондаги Роғун ГЭС, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистондаги газ лойиҳалари, янги транспорт йўлакларини қуриш ва бошқа қатор муҳим лойиҳалар ҳақида бормоқда. Чегара ҳудудларида савдо, логистика ва саноат марказлари тармоғини ривожлантириш устувор вазифа ҳисобланади. Қишлоқ хўжалиги, логистика, тўқимачилик ва кимё саноати, қурилиш каби истиқболли тармоқларда янги келишувлар билан кенг қамровли шериклигимизни мустаҳкамлаш зарур», — деди Қосим-Жомарт Тоқаев.

Қозоғистон президенти мамлакат Марказий Осиё ишбилармонлар кенгашини тузиш таклифини қўллаб-қувватлашини билдирди. Унинг фикрича, минтақанинг транзит-транспорт салоҳиятини ривожлантириш, шунингдек, Марказий Осиё транспорт тизимини ривожлантириш бўйича комплекс стратегияни қабул қилиш муҳим аҳамиятга эга.

«Бу ерда Марказий Осиёнинг барча давлатлари у ёки бу даражада иштирок этган Транскаспий халқаро транспорт йўлаги, „Шимол-Жануб“ коридори, „Бир камар, бир йўл“ ташаббуси каби лойиҳалар алоҳида ўрин тутади. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли Қозоғистон-Туркманистон-Эрон темирйўлининг салоҳияти изчил ортиб бормоқда. Бугунги кунда бу Форс кўрфази мамлакатларига энг қисқа йўлдир. Биз Жанубий Осиё бозорларига йўл очадиган Трансафғон темирйўли қурилишини истиқболли, деб биламиз. Қозоғистонда транспорт-транзит соҳасида кенг кўламли ички ишлар амалга оширилмоқда. 2030 йилгача мамлакатимизда 11 минг километрни модернизация қилиш, 5 минг километрдан ортиқ янги темирйўл қуриш режалаштирилган», — деди давлат раҳбари.

Минтақавий кун тартибидаги яна бир муҳим масала — сув-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш. Қозоғистон президенти сувдан тенг ва адолатли фойдаланиш ва ўзаро мажбуриятларни қатъий бажаришга асосланган янги бирлашган сув сиёсатини ишлаб чиқиш зарур, дея ҳисоблади.

«Кўп томонлама сув ҳамкорлиги гидроенергетика иншоотларини биргаликда қуриш ва Марказий Осиё мамлакатлари учун сув-энергетика консорциумини ташкил этиш ташаббусларига асосланиши мумкин. Ҳозирги вазифалар сув тақсимоти ва ҳисобини рақамлаштириш, космик мониторинг технологияларини жорий этиш, тизимли илмий ишларни йўлга қўйишдан иборат», — деди Қосим-Жомарт Тоқаев.

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон таълим, фан, маданият ва инсон капиталини ривожлантириш соҳаларида беш томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тарафдори. Президент Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари ёшларини Қозоғистонда икки дипломли таълим олишга таклиф қилди.

Қосим-Жомарт Тоқаев Қозоғистоннинг минтақавий шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ва Марказий Осиёнинг жаҳон миқёсидаги ролини ошириш бўйича стратегик йўналиши ўзгаришсиз қолаётганини таъкидлади.

«Ишончим комилки, минтақамиз келажаги фақат мамлакатларимиз ўртасидаги ишончли мулоқот ва ҳамкорликка, барча ички ва ташқи чақириқларга адекват жавобларни биргаликда излашга боғлиқ», — деди давлат раҳбари.

Қозоғистон президенти Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга маслаҳат учрашувининг навбатдаги раиси сифатида муваффақият тилади.