3 август куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Қашқадарё филиалига қарашли эски темирйўл шифохонасидаги лифт шахтасидан ходимнинг жасади топилди. Бу ҳақда MY5 телеканалининг «Марказий студия» кўрсатувида хабар берилди.

Қайд этилишича, Қарши туманида яшовчи 36 ёшли аёл 8 йилдан буён шифохонада орастабон бўлиб ишлаган. У тушга яқин бинодаги лифтдан фойдаланиш пайтида унинг эшигини очган. Тахминларга кўра, шу пайтда лифт носозлиги сабабли аёл шахтага тушиб кетган.

Шифокорлар орадан бир неча соат ўтганидан сўнг орастабон кўринмай қолгани сабабли шу шифохонада ишлайдиган синглисига айтишган ва уни излашган. Натижа бўлмагач, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беришган.

20 соат вақтдан сўнг, 4 август куни аёл лифт шахтасидан топилган. Шундан сўнг, лифтдан фойдаланиш чеклаб қўйилган.

«Қачонки оғир беморларга ёки оғир бирор нарсани олиб чиқишга муҳтожлик бўлганида доимий равишда лифтёрнинг ўзи ишлатиб ёрдам қилиб келган. Унинг ишлаши лифтёрнинг назоратида бўлган», — деди шифокорлардан бири.

Қўшниларининг сўзларига кўра, марҳумнинг 3 нафар фарзанди бўлган, турмуш ўртоғи ишлаш учун Россияга кетган.

Айни пайтда ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ИИБ томонидан дастлабки терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.