Ўрта синф — иқтисодий ўсиш тушунчасининг энг муҳим элементи ҳисобланади. Шу сабабли у ҳақида анжуманларда сўз юритилади ва унга бағишлаб тадқиқотлар ўтказилади. Ўрта синфнинг ўсиши — мамлакат фаровонлигининг кафолатидир.

Йўл бошида турган ривожланаётган бозорлар учун жамиятнинг эскирган тузилиши хос бўлиб, унда бир нечта бойлар ва кўп сонли камбағаллар истиқомат қилади. Бундай жамиятлардаги ижтимоий тараққиёт классик адабиётда — Умар Хайёмдан тортиб Роберт Бёрнсгача — кўп бора тилга олинган «бойлар бойийверади, камбағаллар камбағаллашаверади» деган нақл билан тавсифланади. Бу парадигмада ривожланишга ўрин йўқ — камбағал ҳеч қачон бойимайди.

Ўрта синф тушунчаси тенгсизликнинг енгиб бўлмас ижтимоий муаммосини ҳеч бўлмаганда қисман ҳал этишга имкон беради. Инсон қашшоқликдан бойликка сакраб ўтолмайди, бироқ ўрта синфнинг қуйи чегарасидан юқори чегарасигача бўлган йўл ҳеч ким учун тақиқланган эмас — ўрта синфнинг асл моҳиятида айнан шу кўзда тутилган.

Ўрта синф — бу ёпиқ ва ўзгармас жамият эмас, балки доимий ҳаракатдир. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти 2010 йилдаги «Ривожланаётган мамлакатларда ўрта синфнинг пайдо бўлиши» деб номланган ҳужжатида ривожланаётган мамлакатларда ўрта синфнинг даромад даражасини ҳар бир уй хўжалиги учун кунига 10−100 доллар оралиғида белгилаган.

Осиё тараққиёт банки ўрта синфни тўртта кичик гуруҳга ажратади: ўтиш давридаги, ўртадан паст, ўртадан юқори ва юқори.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи тахминан 5 миллион сўмни, ўртача уй хўжалиги аъзолари сони эса беш кишини ташкил этади.

Мен мамлакатда ўрта синф бўйича ўтказилган тадқиқотларни топишга муваффақ бўлмадим, шунинг учун кейинчалик такомиллаштириш лозим бўлган дастлабки модел сифатида шаҳар аҳолиси учун табақалаштиришнинг қуйидаги кўринишини таклиф қилган бўлар эдим:

  • Ўтиш давридаги — 5−10 млн сўм
  • Ўртадан паст — 10−15 млн сўм
  • Ўртадан юқори — 15−30 млн сўм
  • Юқори — 30−50 млн сўм.

Ўрта синф даромад чегараларини аниқлаш ва миқдорини ҳисоблаш энг муҳим таҳлилий вазифа бўлиб, яқин келажакда ҳал этилишига шак-шубҳа йўқ.

Ўрта синф — фақат даромадлар эмас, балки қадриятлар ҳамдир. Оила ўрта синф вакилига айланар экан, нафақат фаровонлик, балки инсон капитали ўсиши йўлига ҳам қадам қўяди. Ижтимоий зинапоядан кўтарилиш жараёнида таълим, тиббий хизматлар, саёҳатлар, маданий ривожланиш ва пенсия таъминотидан фойдаланиш имконияти пайдо бўлади. Бу жараён вертикал ҳаракатчанлик деб аталади.

Университетда таҳсил олаётган кам таъминланган оиладан чиққан йигит оиласининг даромади мезонига кўра эмас, балки яқин келажакда шахсий даромади ошиши кутилгани учун ўрта синфга мансуб ҳисобланади.

Бошқача айтганда, мен Марказий Осиёдаги ўрта синф учун энг муҳим мезон сифатида оила фаровонлигини ошириш истиқболларининг мавжудлигини белгилаган бўлардим. Бу ҳар қандай ижтимоий лифт бўлиши мумкин: таълим, карьера, давлат хизмати ва, охир-оқибат, тўй.

Истеъмолчи хулқ-атвори нуқтаи назаридан, бу инсонда ўз кучи ва вақтини сарфлаш маънога эга бўлган нарсанинг пайдо бўлишини англатади. Бу ўқиш, иш ёки ижтимоийлашув бўлиши мумкин. Ўрта синф учун вақт қимматли ресурсга айланади.

Шу сабабли, марказлашган шаҳар маданиятининг замонавий форматлари ўрта синфга йўналтирилган: ҳамма нарсани бир жойдан ва бирданига сотиб олиш мумкин бўлган савдо марказлари, барча қатлам вакилларини учратиш мумкин бўлган жамоат жойлари, фаст-фуд қулайлиги билан сифатли ошхона нуфузи ва тўлақонли рационини уйғунлаштирган fast casual форматидаги ресторанлар. Супермаркетлар ҳам шу тоифага киради.

Ўрта синф пиллапоясига кўтарилган инсон энди бозорда арзон товарларни излашга вақт сарфлашни истамайди, чунки унинг вақти сотувчиларникидан қимматроқ, шунинг учун у ўз хулқ-атворини ўзгартиради. Бироқ ўрта синфнинг ўзига хос хусусияти доимий ривожланишидадир ва зинапоядан юқорилаб борган сари истеъмолчи яна бозорга қайтиши мумкин, аммо бу сафар бошқа мақсадда — энг арзон товарни қидириш учун эмас, балки завқ олиш ва ноодатий нарсаларни топиш имконияти учун.

Йирик бизнес ва шаҳар мутасаддилари йўналишнинг ўзгаришига олдиндан тайёргарлик кўришлари ва форматларни шунчаки мавҳум ўрта синфга эмас, балки мақсадли аудитория эҳтиёжларига янада нозикроқ мослаштириши лозим. Тошкентда бундай мисоллар аллақачон мавжуд: масалан, эко-бозор расман оддий бозор бўлиб қолмоқда, айни пайтда бутунлай бошқа мақсадли аудиторияга мўлжалланмоқда. Ёки ўрта синф эҳтиёжлари билан профессионал тарзда ишлайдиган халқаро брендларни жалб қилган Tashkent City Mall’ни кўрсатиш мумкин.

Ҳозирнинг ўзидаёқ Тошкент бозорларида турли-туман харидорларни кўриш мумкин. Бу шаҳарда бозор савдоси доимо мавжуд бўлади, чунки у шаҳар маданияти ва анъаналарининг муҳим қисми ҳисобланади. Энг асосийси, ўзгариш баробарида у ўзининг хилма-хиллиги ва очиқлигини сақлаб қолишидир.

Денис Соколов — кўчмас мулк соҳасидаги Commonwealth Partnership Uzbekistan (CMWP) халқаро консалтинг компаниясининг ҳамкори ва бош директори, Қироллик дипломли баҳоловчилар институтининг (RICS) аъзоси. Аввалроқ у «Газета.uz»да «Кўчмас мулк тили» (рус тилида) номли туркумга муаллифлик қилиб, ўз мақолаларида кўчмас мулк бозорининг тузилиши ва хусусиятлари, унинг ривожланиши бўйича прогнозлар ҳақида сўз юритган.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.