Олимпия ўйинларидаги иккинчи олтин медалини қўлга киритган ўзбекистонлик таэквондочи Улуғбек Рашитов финалдаги ғалабаси ҳақида фикр билдирди.

«Мамлакатимизда туғилганимдан ниҳоятда хурсандман ва ниҳоятда фахрланаман. Ҳурматли президентимизга раҳмат айтмоқчиман, барча шароитлар яратилган, бунинг натижасида ғалаба қозониш учун барча имкониятлар мавжуд. Барчага, бутун халқимизга айтмоқчиманки, сизнинг қўллаб-қувватловингиз шунчаки максимал даражада сезилди. Мен барчангизни жуда яхши кўраман. Она, ота, Мариш — сизлар мен учун ҳамма нарсасиз. Сизни ҳар сонияда ҳис қилдим. Мен сизни жуда яхши кўраман. Тез орада уйга қайтаман», — деди у.

9 августга ўтар кечаси финал жангида Улуғбек Рашитов иорданиялик Заид Абдул Каримни мағлуб этди (жанг видеоси).

Улуғбек Рашитов — Ўзбекистоннинг ҳозирги вақтда икки карра Олимпия чемпиони ҳисобланадиган биринчи спортчиси. Курашчи Артур Таймазов Ўзбекистон ҳисобига учта Олимпиада «олтин»ини қўлга киритган, бироқ допинг тестидан сўнг Пекин-2008 ва Лондон-2012 ўйинларининг иккита олтин медалидан маҳрум этилган.

Эслатиб ўтамиз, 9 августга ўтар кечаси боксчи Хасанбой Дўсматов ҳам икки карра Олимпиада чемпиони бўлди ва бу борада Улуғбек Рашитовга қўшилди. У илк ғолиблигини Рио-2016 да қўлга киритган.

Шанба оқшомида амалдаги Олимпиада чемпиони Баҳодир Жалолов ҳам шундай натижага эришиши мумкин.