Шавкат Мирзиёев 9 август куни Марказий Осиё (МО) давлатлари раҳбарларининг олтинчи Маслаҳат учрашувида қатнашди. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати унинг нутқини эълон қилди.

«Бугун биз умумминтақавий ўзига хосликни шакллантириш жараёни бошлангани ҳақида ишонч билан айтишимиз мумкин. Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳамкасбларимга бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, мамлакатларимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида минтақадаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш йўлидаги умумий саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорлик билдираман», — деди у нутқи аввалида.

Давлат раҳбари минтақавий ўзаро ҳамкорлик механизмлари ва институтларини ишга тушириш, жумладан, миллий координаторлар, тармоқ вазирликлари ва идоралари вакиллари учрашувлари бўйича билдирилган таклифларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

маслаҳат учрашуви, шавкат мирзиёев

У «ҳозирги босқичда қабул қилинган қарорларни амалга ошириш ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш учун самарали воситалар керак, деб ҳисоблашини» билдирди.

«Умуман олганда, минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш ва узоқ муддатли шериклик кун тартибини бойитиш учун Маслаҳат учрашуви форматини янада такомиллаштириш масалаларини биргаликда кўриб чиқиш вақти келди, деб ҳисоблайман. Шу мақсадда биз минтақа мамлакатлари етакчи таҳлил марказлари ва илмий-тадқиқот институтларининг Марказий Осиё эксперт форумининг навбатдаги йиғилишини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қиламиз. Уларнинг концептуал тавсиялари ва таклифларини кейинги саммитимиз давомида биргаликда кўриб чиқишимиз мумкин», — деди президент.

Давлат раҳбари «Марказий Осиё ўзининг геосиёсий жойлашуви туфайли глобал ишонч инқирози ва можаролар кескинлашувининг барча салбий оқибатларини тўлиқ бошдан кечираётганига» тўхталди.

«Украина атрофида ва Яқин Шарқда содир бўлаётган воқеалар минтақанинг барқарор ривожланишига тўғридан тўғри таъсир кўрсатмоқда. Анъанавий савдо ва транспорт занжирлари бузилди. Биз санкциялар сиёсатининг асирига айландик, логистика харажатлари сезиларли даражада ошди, инфляция босими кучаймоқда. Жаҳон капитал бозорида имкониятлар қисқармоқда, протекционизм кучайиб, янги-янги тўсиқлар пайдо бўлмоқда», — дея қайд этди у.

Шавкат Мирзиёев «минтақа барқарорлигининг муҳим омили ҳисобланган қўшни Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши билан боғлиқ масалалар халқаро кун тартибида иккинчи даражага тушиб қолганини» билдирди.

«Шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, Марказий Осиёнинг бугуни ва келажаги, мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги кўп жиҳатдан умумий саъй-ҳаракатларимизга, яқиндан ҳамкорлик қилиш, қатъий чоралар кўриш ва минтақа манфаатларини биргаликда илгари суришга тайёрлигимизга боғлиқ», — деди у.

«Ташқи сиёсат идораларимиз томонидан стратегик ҳужжат — Минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш концепциясини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз», — деган президент амалий минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини санаб ўтди.

Биринчи. «Бизга янги драйверлар, узоқ муддатли истиқболда иқтисодий шерикликни ривожлантиришнинг янги модели керак».

«Мамлакатларимиз табиий савдо шериклари бўлиб, миллий иқтисодиётларимиз бир-бирини тўлдиради. Шу билан бирга, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда мамлакатларимиз умумий товар айланмасида ички минтақавий савдонинг улуши сезиларли даражада эмас. Марказий Осиёда тўлақонли эркин савдо ҳудудини шакллантириш йўлида ҳамон тўсиқлар сақланиб қолмоқда», — деди у.

Президент халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда таҳлил ўтказилгани ва келгуси 5 йилда ўзаро савдо ҳажмини икки баробар оширишни таъминлайдиган биринчи навбатдаги чора-тадбирлар белгилаб олингани, бу 500 дан ортиқ позициядаги товарлар экани ҳақида гапирди.

«Бу ўринда, аввало, тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, мувофиқлик сертификатларини ўзаро тан олиш ва регламентларни унификация қилиш, божхона операциялари ва фитосанитария тартиб-таомилларини рақамлаштириш, давлат харидлари жараёнида ўзаро иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқиш каби чора-тадбирлар ҳақида гап бормоқда», — деди президент.

маслаҳат учрашуви, шавкат мирзиёев

У ягона минтақавий бозорни шакллантириш узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган стратегик мақсад бўлиши кераклигини айтди.

«Ушбу масалаларнинг барчасини кўриб чиқиш учун мамлакатларимиз бош вазирлари ўринбосарлари даражасида Иқтисодий кенгаш — мунтазам равишда учрашувларни йўлга қўйишни таклиф қиламиз. Биз шундай биринчи учрашувни келгуси йили Тошкент шаҳрида ташкил қилишга ва унинг доирасида Ҳудудлар форуми ва тармоқ конференциялари, саноат салоҳияти кўргазма-ярмаркаси, экспорт имкониятлари тақдимотларини ташкил этган ҳолда Марказий Осиё бизнес ҳамкорлиги ҳафталигини ўтказишга тайёрмиз», — деди президент.

Иккинчи. Саноат кооперациясини ўзаро қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш.

Давлат раҳбари минтақадаги ҳар бир мамлакат билан аллақачон бундай ҳамкорлик бўйича муваффақиятли намуналарга эрилишганини айтди. Чегараолди ҳамкорликка доир махсус ҳудудлар, замонавий автомобиллар, маиший электроника, фармацевтика препаратлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик кластерлари, логистика марказлари ва инфратузилма лойиҳалари шулар жумласидан.

«Биз кучларимизни бирлаштириб, қисқа қўшилган қиймат занжирларини яратиш, етакчи халқаро компаниялардан инвестиция ва технологияларни жалб қилиш, кооперациянинг янги шаклларини жорий этиш орқали минтақани саноатлаштиришнинг ягона харитасини шакллантиришга эриша оламиз, деб ҳисоблайман», — деди у.

Ушбу устувор йўналиш бўйича вазирлар даражасида кенгаш фаолиятини йўлга қўйиш ва дастурий ҳужжат тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.

Шунингдек, Марказий Осиё инвестиция кенгашини таъсис этиш, минтақа мамлакатлари Инновацион ривожланиш банкини ташкил этиш, қўшма инвестиция форумларини мунтазам ўтказиб бориш ҳам истиқболли масалалар ҳисобланиши билдирилди.

«Барча Марказий Осиё давлатларининг инвестициявий жозибадорлиги ушбу йўналишдаги ишларнинг мувофиқлаштирилган ҳолда олиб борилишига боғлиқ», — деб таъкидлади президент.

Учинчи. «Жаҳон банки хулосасига кўра, мамлакатларимиз ҳали ҳам дунёдаги иқтисодиёти энг кам „бирлашган“ мамлакатлар қаторида қолмоқда».

Президентга кўра, гап ички минтақавий транспорт-коммуникация тармоғи ҳақида бормоқда.

Бундан ташқари, минтақа географиясининг ўзига хослиги туфайли ташқи савдо юкларини ташиш харажатлари улуши товар якуний қийматининг 50 фоизига етмоқда. Бу жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан 4−5 баробар юқори.

«Мен самарали транспорт йўлакларини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилишни қўллаб-қувватлаганликлари учун ҳамкасбларимдан миннатдорман. Бугун кун тартибида Европа Иттифоқи, Хитой, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё ҳамда Яқин Шарқ бозорларига чиқишни таъминловчи кўплаб лойиҳалар мавжуд», — деди давлат раҳбари.

Келишилган тариф сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, миллий ташувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича имтиёз ва преференцияларни қўллаш, транспорт тармоқлари ва инфратузилмасини модернизация қилиш, чегара пунктларининг ўтказиш қобилиятини ошириш, транспорт секторини рақамлаштириш масалалари тизимли ёндашувни талаб қилади.

«Фурсатдан фойдаланиб, Транспорт ва транзит тўғрисидаги битимни қабул қилиш бўйича таклифимизни қўллаб-қувватлаганингиз учун миннатдорлик билдираман. Унинг қоидаларини амалга ошириш мақсадида транспорт вазирликлари, ташувчилар ва экспедиторлар, логистика компаниялари ва мутахассислар иштирокида Экспертлик конференциясини ўтказишни таклиф қиламиз», — деди у.

Тўртинчи. «Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ишларни мувофиқлаштирилган ҳолда амалга ошириш лозим».

маслаҳат учрашуви, шавкат мирзиёев

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг миллий экспертлари ва мутахассислари таъкидлашича, минтақа нафақат асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича ички минтақавий эҳтиёжларни таъминлаши, балки халқаро бозорда мустаҳкам ўринларни эгаллаши мумкин.

Аграр ишлаб чиқаришнинг инновацион усуллари, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, ҳосилдорликни ошириш, чуқур қайта ишлашни ривожлантириш, селекция соҳасида илмий ишларни кучайтириш, кластерлар ва «ақлли фермалар»ни яратиш муҳимдир.

«Тошкент шаҳрида сентябрь ойида БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан ҳамкорликда денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича халқаро форум ташкил этиш ниятидамиз. Форум доирасида Минтақавий стратегия ишлаб чиқиш учун қишлоқ хўжалиги вазирларининг алоҳида учрашувини ўтказишни таклиф қиламиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Бешинчи. «Глобал иқлим ўзгариши оқибатлари мамлакатларимизнинг ҳар бирида сезилмоқда. Ҳарорат кўтарилиши, музликлар эриши, тошқинлар, қурғоқчиликлар, чанг бўронлари ва бошқа кўплаб табиат ҳодисалари жиддий талафотлар етказишда давом этмоқда».

Ноябрь ойида Озарбайжонда бўлиб ўтадиган Иқлим саммити давомида мамлакатлар ягона позиция билан чиқишлари мумкин. Бу ўринда сўз халқаро жамоатчилик, фондлар ва донорлик ташкилотлари эътиборини ушбу ўткир муаммолар, жумладан, Орол фожиасига ечим топишга қаратиш мақсадида минтақадаги экологик вазият ҳақида қўшма тақдимот ўтказиш ҳақида кетмоқда.

«Бизнинг янги таклифларимиз қаторида Марказий Осиёни барқарор ривожлантириш комплекс дастури, Трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан оқилона фойдаланишнинг минтақавий стратегиясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш масалалари ҳам бор», — дея қайд этди президент.

Олтинчи. «Энергетика секторидаги ҳамкорлик долзарбдир».

Бугунги кунда минтақавий кўламда электр энергияси генерациясини ошириш ва уни учинчи мамлакатларга экспорт қилиш бўйича қатор стратегик лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Бундан ташқари, атом энергетикасини ривожлантириш, углеводородларни етказишни ошириш бўйича режалар мавжуд.

«Бу энергетика вазирларининг доимий учрашувлари доирасида мувофиқлаштирилган ишларни олиб бориш учун муҳим йўналишлардан бири, деб ҳисоблайман», — деди у.

Давлат раҳбари парламентлар ўртасида ўзаро самарали алмашувларни ривожлантиришни юқори баҳолаши ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

«Келгуси ойда кўҳна Хива шаҳрида минтақа мамлакатларининг навбатдаги Парламентлараро форумини ўтказишни режалаштирганмиз. Маданий-тарихий мероснинг умумийлигини ҳисобга олган ҳолда, халқларимизнинг минтақа келажаги учун дахлдорлиги, бирдамлиги, умумий масъулиятни англашини кучайтиришга катта эътибор беришимиз лозим», — деди президент.

Унга кўра, «Марказий Осиё тарихи ва маданияти: ягона ўтмиш ва умумий келажак» халқаро медиа платформасининг тезроқ ишга туширилиши ушбу йўналишда муҳим амалий қадам бўлади.

Минтақа халқларининг ўзаро бир-бирини тушуниши ва бирдамлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида минтақавий ўзига хосликни шакллантиришнинг амалий жиҳатларига бағишланган илмий форум ва «Марказий Осиё ёшлар кун тартиби — 2030»ни илгари суриш ва ёш авлодни ҳамкорлик дастурларига жалб қилиш учун доимий равишда Инновацион ғоялар ва лойиҳалар минтақавий ёшлар танловини ўтказиш ҳам таклиф қилинди.

Марказий Осиё таълим ва академик алмашув дастурини қабул қилиш ва мамлакатларимиздаги етакчи олий ўқув юртларининг дипломларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш муҳим экани айтилди.

Шунингдек, президент минтақа давлатларининг иқтидорли талабалари ўқиши учун ўзаро келишувлар асосида стипендиялар ажратишни таклиф қилди.

Ушбу лойиҳаларни батафсил муҳокама қилиш учун Тошкент шаҳрида октябрь ойида Марказий Осиё биринчи таълим форумини ўтказиш ниятида экани айтилди.

«Мамлакатларингиз миллий делегациялари таркибига таълим вазирлари, етакчи университетлари ректорлари, олимлар ва экспертлари қўшилса, биз бундан мамнун бўлар эдик», — деди у.

Туризм сектори минтақавий ҳамкорликнинг янги драйверига айланиб бормоқда. Мамлакатлардаги ички минтақавий туристик оқим улуши сўнгги йилларда сезиларли даражада ошди.

Туристик алмашувни кенгайтириш мақсадида «Битта тур — бутун минтақа» тамойили бўйича миллий ID карталарни ўзаро тан олиш ва оммавий туристик маҳсулотларни ишлаб чиқиш масалаларини ўрганиб чиқиш ҳам таклиф қилинди.