Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувида сўзлаган нутқида сўнгги олти йилда минтақада ҳамкорлик ривожланиб бораётганидан мамнунлигини билдирди ва буни давлатлар раҳбарларининг кучли сиёсий иродаси самараси сифатида баҳолади, деб хабар қилди унинг матбуот хизмати.

У сўзида ҳамкасбларининг эътиборини савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳаларида дастурлар ишлаб чиқиш, йирик транспорт, инфратузилма ва логистика лойиҳаларини амалга ошириш, гидроэнергетика ресурсларидан самарали фойдаланишга, шунингдек, маданий-гуманитар соҳадаги ўзаро ҳамкорлик масалаларига қаратди.

марказий осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви, тожикистон, эмомали раҳмон

Давлат раҳбари минтақада яшил иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий омилларини ҳам санаб ўтди: электрон тижорат, рақамли технологиялар ва энергетика, айниқса, яшил энергия соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш.

Тожикистон президенти «Дунёда тез ўзгаришлар юз бераётган ҳозирги шароитда Марказий Осиё келажаги бўйича ягона позицияни шакллантириш зарурати бор»лигини айтди.

Эмомали Раҳмоннинг таъкидлашича, беш йил давомида минтақада товар айирбошлаш ҳажми 80 фоиздан ошган ва 10 миллиард доллардан ўтган. Тожикистон раҳбарининг сўзларига кўра, агар салоҳиятдан фойдаланилса, яқин келажакда у 20 миллиард долларга етиши мумкин.

марказий осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви, тожикистон, эмомали раҳмон

Тожикистон раҳбари Марказий Осиё мамлакатлари саноат вазирларининг биринчи йиғилишини келаси йили Душанбеда ўтказишни таклиф қилди.

Эмомали Раҳмон маслаҳат учрашувлари доирасида ҳар йили «Экспо — Марказий Осиё» кўргазмасини ўтказиш фойдали эканини ҳам таъкидлади.

Ўсиб бораётган глобал таҳдид ва хавфлар фонида Тожикистон президенти хавфсизлик соҳасида ҳамкорликнинг янги самарали шаклларини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида яқин ҳамкорлик механизмларини яратиш таклифини илгари сурди.