Қорақалпоғистонда маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан ўтказилган 10 миллиард сўмга яқин тендер савдоларида қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди, деб хабар берди Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси.

Қайд этилишича, маҳаллалар инфратузилмаларини такомиллаштириш мақсадида 2023 йил давомида ҳудуддаги 452 та МФЙнинг ҳар бирига 500 миллион сўмдан (жами 226 миллиард сўм) берилган.

Аммо маҳаллалар томонидан айрим танловларни ўтказишда «Рақобат тўғрисида» ва «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунчилик талаблари бузилган. Жумладан, харид комиссиялари таклифларга балл белгилашда баҳолаш мезонларини ишлаб чиқмаган.

Ўрганиш натижаларига кўра, Қорақалпоғистон Рақобат қўмитаси томонидан белгиланган тартибда 48 та иш қўзғатилиб, тегишли чоралар кўрилди.