Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Остона шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувида сўзлаган нутқида минтақавий кун тартибининг устувор йўналишларидан бири сифатида ўзаро манфаатли шериклик асосидаги иқтисодий ривожланишни қайд этди, деб хабар беради «Туркманистон: Олтин аср» сайти.

Туркманистон раҳбари транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликка муҳим аҳамият қаратди.

«Туркманистон президенти Евросиёда янги транспорт ва транзит йўлакларини яратиш бўйича фаол иш олиб борилаётганини қайд этиб, географик, логистик ва бошқа афзалликлардан фойдаланган ҳолда минтақамизни ушбу жараёнларга ўз вақтида ва самарали интеграция қилиш Марказий Осиё давлатларининг жуда яқин келажакдаги умумий вазифаси бўлиши кераклигини таъкидлади», — дейилади хабарда.

Туркманистон раҳбари, шунингдек, Осиё ва Европа ўртасидаги транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш минтақа мамлакатлари ҳудудларида замонавий логистикани яратиш, қонунчиликни уйғунлаштириш, ўзаро божхона, тариф ва бошқа имтиёзлар беришни назарда тутишини таъкидлади. Сердар Бердимуҳамедов яқин келажакда бу вазифаларни амалга оширишни бошлашни таклиф қилди.

марказий осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви, сердар бердимуҳамедов, туркманистон, энергетика

Туркманистон раҳбари энергетика соҳасини ҳам беш томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари қаторига киритди. Туркманистон президенти стратегик мақсад — янги саноат ва қишлоқ хўжалиги қувватлари мавжудлиги ва келажакда пайдо бўлишини, шунингдек, инфратузилма объектлари ва қўшма ишлаб чиқариш лойиҳалари йўлга қўйишни ҳисобга олган ҳолда Марказий Осиё давлатларининг энергияга бўлган эҳтиёжини қондиришдан иборат эканини таъкидлади.

«Ва ниҳоят, бундай тизим мамлакатларимизни глобал энергетика бозорида юзага келиши мумкин бўлган салбий сценарийлардан ҳимоя қилиши, уларнинг оқибатларини минималлаштириши ва техноген ва табиий офатлар вақтида миллий энергетика тизимлари учун зарур хавфсизлик захирасини яратиши керак», — деди давлат раҳбари.

Истиқболлар қаторида Сердар Бердимуҳамедов савдо, саноат кооперацияси, кичик ва ўрта бизнес соҳасидаги шерикликни кенгайтиришни ҳам санаб ўтди.