«Газета.uz» YouTube’даги ўзбекистонлик контент муаллифлари томонидан тайёрланган видеоларнинг ойма-ой сарҳисобини тайёрлашда давом этади. Навбат — 2024 йилнинг июль ойи якунларига.

Изоҳ: Қуйида муштарийлар эътиборига ҳавола этилаётган видеолар таҳририят тавсияси эмас. Бунда аниқ бир формат остида мунтазам контент эълон қилиб келаётган, муаллифи ўзбекистонликлар бўлган ўнлаб YouTube лойиҳалардан айримларининг 2024 йил июль ойидаги энг кўп кўрилган биттадан видеоси танлаб олинган. Айни вақтда, фурсатдан фойдаланиб, «Газета.uz»нинг ўзбек ва рус таҳририятлари томонидан июль ойида тайёрланган видеоконтентни ҳам яна бир бор эслатиб ўтишни жоиз деб билдик.

«Газета.uz» эълон қилган видеолар

Нима ўқиймиз? Манбашунос тарихчи Ҳилола Назирова тавсия қилади

«Газета.uz»нинг «Нима ўқиймиз?» лойиҳасида бу сафар «Янги Ўзбекистон» университети Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, матншунос ва огаҳийшунос Ҳилола Назирова меҳмон бўлди.

Ой материали. Фавқулодда ҳодисалардан репортажлар қандай тайёрланади?

«Газета.uz»нинг «Ой материали» подкастида мухбирлар Шоҳруҳ Ҳайдаров ва Муштарий Оқбоева билан бирга 2023 йил сентябрь ойида Сергелида юз берган портлаш ва 2024 йил июль ойида Юнусободда кузатилган тошқиннинг ёритилиши мисолида фавқулодда вазиятлардан репортажлар қандай тайёрланиши ҳақида гаплашилди.

Репортаж. Burgut Ultras. Нега андижонликлар футболни бунчалик яхши кўришади?

Андижонлик мухлислар бу йил Фарғона водийси футболининг ўзига хос ташриф қоғозига айланиб улгурди. Андижондаги фан-клубнинг машҳурлиги бутун Ўзбекистонда мухлислар ҳаракатининг ривожланишига туртки бўлмоқда. «Газета.uz» мухбирлари Андижонга сафар қилиб, «Андижон» футбол клубининг мухлислар жамоаси — Burgut Ultras ҳақида репортаж тайёрлади.

Рус тилида: Сўровнома: Тошкентда электр энергияси учун тўловлар миқдори қанчага ўзгарди?

1 майдан бошлаб Ўзбекистонда коммунал хизматлар тарифлари сезиларли даражада оширилди, ҳукумат газ ва электр энергияси истеъмоли учун ижтимоий норма белгилади. «Газета.uz» тошкентликларнинг электр энергияси учун қанча пул тўлаётгани, кондиционердан қанчалик кўп фойдаланаётгани, ижтимоий норма ҳақидаги фикрларини сўраб, микрофон тутди.

Бир том остидаги ҳамкорларимизнинг материаллари

Afisha.uz. Ирина Кайратовна яна Ўзбекистонда. CAU битирув кечаси қандай ўтди?

28 июнь куни Central Asian University’да Graduation Party бўлиб ўтди. Унда битирувчилар учун маҳаллий санъаткорлардан Тоҳир Содиқов, Райҳон, Шоҳрух ва Шахриёрлар чиқиш қилди. Тадбир ҳедлайнери эса Ирина Кайратовна гуруҳи бўлди. «Afisha.uz» жамоаси битирув кечасида қатнашиб, ундан репортаж тайёрлади.

Spot. Нега 200 кВт/соат ижтимоий норма қилиб белгиланган?

11 июль куни «Ҳудудий электр тармоқлари» корхонасида пресс-тур ташкил этилди. Унда сўнгги вақтларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган мавзулар бўйича тушунтиришлар берилди. «Spot» муҳим тафсилотларни жамлади.

Бошқа муаллифлар эълон қилган видеолар

Энди бошқа муаллифлар эълон қилган видеоконтентларга ўтсак. Бунда, юқорида қайд этилганидек, аниқ бир формат остида мунтазам контент эълон қилиб келаётган, муаллифи ўзбекистонликлар бўлган ўнлаб YouTube лойиҳалардан айримларининг 2024 йил июль ойидаги энг кўп кўрилган биттадан видеоси танлаб олинди.

Subyektiv. Туғилиш: ДНК, аборт, қариндошлар никоҳи ҳақиқатлари

«Subyektiv»нинг бу галги сони ўзбек матбуотида ҳали эълон қилинмаган тарихий маълумотлар, ўзбекистонликларининг деярли 40 мингйиллик ДНК таҳлиллари, озолмаётган, семиролмаётганлар генетикасидан тортиб ўғил болаларнинг қизлардан кўпайиб кетаётгани ва бунинг оқибатларига бағишланди.

NmaGap. Гиёҳвандлигимга коррупция айбдор! Достон Рустамов (Тоға ва жиян)

«Машинангиз зўр экан, нима иш қиласиз?». Агар Instagram`да шундай савол қулоғингизга чалинган бўлса, биз буни ким бошлаб берганини биламиз. «NmaGap» лойиҳасининг навбатдаги сонида ўша «Тоға ва жиян» блоги муаллифи Достон Рустамов меҳмон бўлди.

Тунги қаҳрамон. Муниса Магамет оилавий вайнлар олмоқчи

Стендап комик Миршакар Файзуллоевнинг «Тунги Қаҳрамон» дастурида бу сафар «Қадам» ва «Қизим» сериаллари ҳамда Ҳамдам Собировнинг «Малоҳат» клипидаги роллари орқали танилган актриса Муниса Магамет меҳмон бўлди.

NQE podcast. Кринж видеолар, мем ва изоҳ ёзиш санъати | Бекмирза Рашидов, Teacher Азам, Кундузий

Teacher Азамнинг «Нозик қалб эгалари» подкастининг навбатдаги сонида «Subyektiv» лойиҳасининг собиқ ижодкори, YouTube`даги «BekipediA» лойиҳаси муаллифи Бекмирза Рашидов меҳмон бўлди. Подкастни Teacher Азам билан бирга Кундузий олиб борди. Шунингдек, ой давомида «Нозик қалб эгалари» подкастининг яна бир диққатга сазовор сони эълон қилинди. Унда Жамила Шермуҳамедова меҳмон бўлиб, қатор саволларга жавоб бериб ўтди.

У ким эди? Аҳмад Шоҳ Масъуд | Панжшер арслони

Блогер Нурбек Алимов ўзининг «У ким эди?» лойиҳасининг навбатдаги сонида томошабинларни «Панжшер арслони» лақаби билан танилган Афғонистон собиқ мудофаа вазири Аҳмад Шоҳ Масъуд шахсияти билан яқиндан таништиришга ҳаракат қилди.

Texnoplov. Иқтисодиёт қандай тузилган? Осон тушунтириш

«Texnoplov» лойиҳасининг навбатдаги сони иқтисодиётга бағишланди. Видеода муаллифлар пул нега пайдо бўлгани, солиқлар қаерга кетиши, Марказий банк нима иш қилиши қилиши, кредит нима учун кераклиги, унинг яхши ва ёмон томонлари, инфлация ва дефиляция тўғрисида маълумот беришга ҳаракат қилган.

Лолазор. #26. Ҳокимият шайтоний хусусиятга эга

«Лолазор» подкастининг бу сонида сиёсатшунос Ҳамид Содиқ меҳмон бўлди. Шунингдек, ой давомида подкастда иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов ҳам меҳмон бўлди. 28 июль куни эълон қилинган эпизоддан кейин эса лойиҳа муаллифлари 2-мавсум тугаганини ва танаффусга чиқишини эълон қилди.

Марказий сектор. 11-сон. Евро-2024 якунлари

Ўтган ойда футбол бўйича Европа чемпионати ўз якунига етди. Мусобақа давомида Хайрулла Ҳамидов, Даврон Файзиев, Ориф Толипов ва Фаррух Худоёров «Марказий сектор» лойиҳаси орқали футбол оламининг энг катта турнирларидан бирини ёритиб, ўз фикрларини билдириб борди. Қуйидаги видео лойиҳанинг июль ойида энг кўп кўрилган сони эмас, балки мусобақа якунига бағишланган сони эканини эслатиб ўтамиз.

Саҳна стендап концерт. Ислом Каримов, Наврўз Ҳикматов, Зокир Ибодуллаев, Аваз Тўхтасинов

Саҳна стендап концертининг янги сонида одатдагидек Ислом Каримов бошчилик қилди. Саҳнада эса стендап комиклар Наврўз Ҳикматов, Зокир Ибодуллаев, Аваз Тўхтасинов, Азизжон Каримов, Аббос Мейлиев чиқиш қилди.

Фикр етакчилари. Россиядаги бизнес ҳолат, давлат ва тадбиркор, оилавий бизнес, ўзбек тадбиркорлари муаммоси

Ҳикмат Абдураҳмоновнинг «Фикр етакчилари» подкастининг навбатдаги эпизодида 20 йиллик тадбиркор ва Россиянинг йирик компанияларидан бири бўлган «Вилгуд» асосчиси Шерзод Турсунов меҳмон бўлди.

Отасиз подкаст. Армоннинг каттаси менда — отамни сўнгги манзилга кузата олмаганман

Хайрулла Ҳамидовнинг «Отасиз» подкастида бу сафар актёр Алишер Муҳаммаджон ўғли (Узоқов) иштирок этди ва отаси, уни сўнгги манзилга кузата олмагани, ҳаётий сабоқлари тўғрисида гапириб берди.

1000KITOB podkast. «Биз бу лойиҳага ҳаёт-мамот дастури сифатида қарашимиз керак»

1000KITOB подкастининг 2-сонида сиёсатшунос ва лойиҳа эксперти Ҳамид Содиқ ҳамда иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов билан лойиҳа, таржима ишлари, иқтисодиёт ва сиёсий йўналиш ҳамда ўзбек тилининг нуфузи каби турли мавзуларда подкастлашилди.

Сусамбил. Кинодаги энг қўрқинчли ТОП 10 та махлуқ қаҳрамон (+18)

«Сусамбил»нинг мазкур видеосида Нодир Нишонов экранда яратилган ТОП 10 та энг қўрқинчли ва жирканч кўринишга эга киноқаҳрамон ҳақида гапириб беради.

Қурултой. Марказий Осиёда исломгача бўлган маданият: шаҳарсозлик, санъат ва дипломатия

Лойиҳанинг мазкур сонида Марказий Осиёда исломгача бўлган маданият мавзусида суҳбатлашилди. Лойиҳа муаллифи Нодир Нишонов ва эксперти Элдар Асанов бу сафар меҳмон сифатида тарихчи олим, профессор, тарих фанлари доктори Ғайбулла Бобоёров ҳамда фалсафа доктори Мунира Ҳотамовани таклиф этди.

Муваффақият калитлари. Психологга психолог керак

«102tv»нинг «Муваффақият калитлари» подкастида бу сафар психолог Наргиз Сатторова меҳмон бўлди. Шунингдек, подкастнинг ой давомида эълон қилинган бошқа эпизодларида иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, олий тоифали суҳандон Раъно Жўраева ҳам иштирок этди.

Fashion gap. Ёзги мода 2024: Rixdinas, MaxFardan ва Shateni

«Fashion gap» лойиҳаси бу ойги сарҳисобимиздан ҳам ўрин олди. Унинг муаллифлари лойиҳа Ўзбекистондаги жаҳон модасига назар солувчи илк подкаст эканини таъкидлайди. Навбатдаги сонда тадбиркор ва «Mr.Dubai» ғолиби Маъруфжон Азимов (MaxFardan), модель, дизайнер, актриса ва «Cosmo Models» моделлар агентлигининг асосчиси Мадина Маҳмудова (Rixdinas) ҳамда фэшн-инфлюнсер, «Signora by Shateni» кийим брендининг асосчиси Шатени Пўлатова (Shateni) билан жаҳон брендлар намойиши муҳокама қилинди.

EKG. EKG стендап 4

«EKG» лойиҳасининг навбатдаги сонида стендап комиклар Аббос Серобов, Азимбек Хушмаматов, Аъзам Муҳиддинов, Азизжон Каримов ва Иззатилла Чорихўжаев ўз ҳазиллари билан чиқиш қилди.

Uzbekonomics. Молия ва банк тизимининг иқтисодий ривожланишдаги ўрни

«Uzbekonomics» подкастининг бу эпизодида иқтисодчилар Ботир Қобилов ва Беҳзод Ҳошимов ноанъаваний тарзда, яъни Тошкент шаҳрида томошабинлар қаршисида суҳбатлашди. Эпизодда молия ва банк тизимининг айниқса ривожланаётган мамлакатлар иқтисодий ривожланишидаги ўрни ҳақида гап боради. Подкаст якунида иқтисодчилар томошабинларнинг саволларига ҳам жавоб бериб ўтди.

Кино кўрдим. Texnoplov, Бекзод Юсупов, Абдулазиз Ҳакимович

Июль ойида сарҳисобимиздан ўрин олган янги лойиҳа бу — «Кино кўрдим». Бу кўрсатувда бошловчилар Абдулазиз Ҳакимович ва Бекзод Юсупов лойиҳа меҳмони билан биргаликда, машҳур ва қизиқарлий фильмлар доирасида сухбат қуришади. Дастлабки меҳмон сифатида эса «Texnoplov» лойиҳаси муаллифи Садулла Абдуллаев таклиф этилди.

Аслида. Санжар Назар билан

Меҳриноз Аббосова узоқ танаффусдан сўнг «Аслида» лойиҳасининг навбатдаги сонини тақдим этди. Бу сафарги меҳмон — «Академнашр» нашриёти раҳбари Санжар Назар.

+1 подкаст. Ўзбекистонда туризм: саёҳатлар, Европага виза ва 2024 йилдаги топ-йўналишлар

«+1 подкаст»нинг 6-сонида туризм бўйича 10 йилдан ошиқ тажрибага эга, Fun&Sun компанияси директори Данияр Турсанов саёҳатларга оид кўпчиликни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Ҳошимов иқтисодиёти. Стивен Дурлауф — Тенгсизлик, ўсиш ва иқтисодий таҳлилда социологик ғоялар

«Ҳошимов иқтисодиёти» лойиҳасининг янги сонида иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Чикаго университети профессори Стивен Дурлауф билан суҳбатлашди. Беҳзод Ҳошимовнинг қайд этишича, меҳмон дунёдаги энг яхши иқтисодчилардан бир ҳисобланади.

«Диққат, савол!» подкасти. «Иккичи»ларни ҳам қизиқтирган «Заковат», заковатчилар билан суҳбат

«Диққат, савол!» подкастининг бу сонида бошловчи Нурбек Алимов машҳур заковатчилар — Фурқат Қурбонов, Азиза Ибрагимова, Баҳодир Аноров ҳамда Мадина Мирзараҳматова билан «Заковат»нинг болаларни ривожлантиришдаги ўрни ва унинг фойдалари, «Заковат»даги ҳаяжонлар, машғулотлар, янги лойиҳалар ва аёллар турнирлари ҳақида суҳбатлашди.

Пиёда гурунг. Беҳзод Ҳошимов билан Анҳор канали бўйлаб

«Пиёда гурунг» лойиҳасининг янги сонида урбанист Искандар Солиев иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов билан Тошкентнинг энг салқин ҳудудларидан бири бўлган Анҳор канали бўйлаб урбанизмнинг иқтисодий томонлари ҳақида суҳбатлашди.

Cubic. Мижозларни жалб қилиш | Контент маркетинг | Шоҳбозбек Долимов | 2-мавсум 6-сон

«Cubic» подкастининг навбатдаги сонида Шоҳбозбек Долимов меҳмон бўлиб, контент-маркетинг бўйича ўз фикрлари билан бўлишди.

Сиз-чи, қайси лойиҳаларни кузатиб борасиз?

Кейинги сарҳисобда яна қайси лойиҳалар эътиборга олиниши керак деб ўйлайсиз? Бу ҳақда Telegram’даги ботимиз орқали бизга ёзинг: @GazetauzFeedbackBot.