9 август куни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида «Ногиронликни белгилашнинг самарали механизмлари ҳамда тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати тизимини такомиллаштириш» мавзусида семинар ўтказилди. Унда агентлик директори Мансурбек Оллоёров, Соғлиқни сақлаш вазири в.б. Асилбек Худаяров ҳамда Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятидаги тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирда қатнашган «Газета.uz» мухбири соғлиқни сақлаш вазири в.б. Асилбек Худаяровдан ногиронликни белгилашнинг янги тизими коррупциядан қай даражада холи бўлиши ҳақида сўради. Ҳукумат вакили эса қуйидагича жавоб қайтарди:

«Биринчи ўринда, раҳбариятда, яъни [ҳар бир] тизим бошида турганларнинг ўзида ва жамоасида коррупцияга қарши курашиш бўйича хоҳиш бўлиши керак. Мен сизга ваъда бераман: Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппаратида ва, ўйлайманки, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида, яъни Мансурбек аканинг жамоасида ҳам коррупцияга йўл қўймаслик учун хоҳиш жуда кучли. Буни мен кўпчиликнинг ичида айтишим мумкин. Иккинчидан, коррупцияга йўл қўймаслик тарбияга боғлиқ, қонундан қанчалик қўрқишга ва қонунга амалга қилишга боғлиқ. Асосийси, менинг ишимда принцип бор: ходим коррупцияга аралашмаслиги, вазифасини тўлиқ бажариши учун [қилаётган] иши ўзига ёқиши ва ўша ишни йўқотиб қўйишдан қўрқиши керак. Бизлар эса ходимларга маош томондан ҳам, шарт-шароитлар томондан ҳам шароит яраташимиз, уларни асоссиз айблашга бормаслигимиз керак, ўшанда у ишини виждонан бажаради», — деди вазирлик раҳбари.

асилбек худаяров, коррупция, ссв

Фото: Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги

«Аҳолига ОАВ орқали тушунтиришимиз керакки, Ўзбекистонда коррупцияга тасниф берилганда порани олган ҳам, берган ҳам жазоланади. Афсуски, аксарият ҳолатларда порани берган одам жазоланмаяпти», — дея қўшимча қилди Асилбек Худаяров.

Унинг қайд этишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги коррупцияга қарши курашишга тайёр.

«Агар вазирликка блогерлар, журналистлар томонидан миш-мишлар орқали эмас, аниқ фактлар билан мурожаат қилинса, биз ҳар бир ҳолат бўйича тагига етиб, уни юзага чиқаришга тайёрмиз. Вазирликда бир ой олдин назорат инспекцияси тайёр бўлди, шунингдек, коруппцияга қарши курашиш департаменти ҳам мавжуд. Агар [коррупцияни ўзига] сурункали касаллик сифатида юқтирган ходим бўладиган бўлса, унга жойида жазо қўллашга ва буни ҳаммага кўрсатишга тайёрмиз. Мен ваъда бераман: журналистлар билан ишлашга тайёрман. Шундай ҳолатлар бўйича маълумотлар беринглар, марҳамат, бирга ишлайлик. Кишилик жамияти борми, бу нарса давом этади. Фақатгина биз қанчалик самарали кураша оламиз?» — деди вазирлик раҳбари.