Ўзбекистонлик боксчи Лазизбек Мулложонов 10 августга ўтар кечаси бўлиб ўтган жанг якунлари бўйича Париж-2024 Олимпиадасида олтин медални қўлга киритди.

Дебют Олимпиадасида 92 килограммгача вазн тоифасида иштирок этган 25 ёшли ўзбекистонликка мусобақа «олтин»и учун жангда келиб чиқиши кубалик озарбайжонлик боксчи рақиб бўлди. 29 ёшли Лорен Алфонсо Домингес 2021 йилда жаҳон чемпиони ва 2023 йилда вице-жаҳон чемпиони, Токио-2020 ўйинлари бронза медали совриндори бўлган.

Биринчи раундда ўзбекистонлик жангчи биринчи рақамда ҳаракат қилди, рақиби қарши ҳужумлар устида ишлади. Жанг тенг курашлар остида ўтди, аммо фаоллиги туфайли Мулложонов биринчи раундга эга чиқди (5:0). Мулложонов прессингни давом эттирди ва кетма-кет яхши ҳужумлар уюштирди ва бу унга иккинчи раундда ҳам олдинда бўлиш имконини берди (5:0). Сўнгги уч дақиқада Домингес ташаббусни қўлга олишга уринди ва буни қисман уддалади, аммо раунд барибир Ўзбекистон вакилига кетди (3:2).

Якуний ҳисоб — 5:0 (30:27, 30:27, 30:27, 29:28 ва 29:28).

Бронза медаллари тожикистонлик Давлат Болтаев ва испаниялик Энмануэль Рейесга насиб қилди.

Шу тариқа Лазизбек Мулложонов ушбу Олимпиадада Хасанбой Дўсматов ва Асадхўжа Мўйдинхўжаевдан кейин олтин медални қўлга киритган учинчи ўзбекистонлик боксчи бўлди. Олдинда Баҳодир Жалолов ва Абдумалик Халоковнинг ҳам финал жанглари кутилмоқда.

Бу Ўзбекистоннинг Олимпиададаги бешинчи олтин медали — Ўзбекистон учун энг яхши бўлган 2016 йил Олимпиадасидан (4) кўпроқ. Бу терма жамоага медаллар жадвалида (соат 01:58 ҳолатига кўра) 15-ўриндан 14-ўринга кўтарилиш имконини берди.

Лазизбек Хасанжонович Мулложонов 1999 йил 13 майда Фарғона вилоятида туғилган. Унинг биринчи устози — Шерзод Ҳусанов, Алишер Тўйчиев раҳбарлигида эса Олимпиадага тайёргарлик кўрган. 2017 йилдан буён Ўзбекистон терма жамоаси вакили ҳисобланади.

2021 йилги ҳарбийлар бўйича жаҳон чемпиони. 2022 йилда Иорданияда бўлиб ўтган қитъа чемпионатида супероғир вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган. 2023 йилда Тошкентда ўтказилган жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори. Мулложонов эришган муваффақиятлари учун «Келажак бунёдкори» медали билан тақдирланган.