Ўзбекистон таэквондочиси Озода Собиржонова 10 августга ўтар кечаси Париждаги Олимпиада ўйинларининг бронза медали учун кечган жангда мағлуб бўлди.

21 ёшли Собиржонова (67 кг гача) 1/8 финалда 2022 йилги жаҳон вице-чемпиони ва 2023 йилги Европа ўйинлари чемпиони сербиялик 22 ёшли Александра Перишич билан учрашди. Ўзбекистонлик биринчи раундни қўлга киритди (5:0), аммо кейинги иккитасида мағлуб бўлди (4:8, 0:2). Якуний ҳисоб — 1:2.

Унинг рақиби финалга чиқди ва бу Собиржоновага такрорий баҳсларда бронза медали учун курашиш имконини берди ва у таиландлик Сасикарн Тонгчан устидан умумий 2:1 (2:7, 8:1, 11:0) ҳисобида иродали ғалабага эришди.

Бронза учун курашда у катталар ва ёшлар ўртасида 2022 йилги жаҳон чемпиони, 2024 йилги Европа ўйинлари чемпиони белгиялик 19 ёшли Саара Чарига қарши чиқди.

Озода Собиржонова биринчи раундда ишончли ғалабага эришди (16:0), иккинчисида эса мағлуб бўлди. Шу билан бирга, у иккинчи раунднинг энг охирида (2:3) ғалабани қўлдан чиқарди. Учинчи раундда ўзбекистонлик яна пешқадамликни қўлга олди, ўшанда мураббий бошга берилган зарбани қайта кўриб чиқишни сўраган ва натижада 3 очко берилганди. У жанг тугашига уч сония қолганида 4:2 ҳисобида ғалаба қозонаётган эди, бироқ Саара Чари сўнгги сонияларда ҳисобни тенглаштирди ва Собиржоновани чегара чизиғидан ўтиб кетишга мажбур қилди. Ўйин тугашига миллисекундлар қолганда унинг танаси сиртга тегди ва у ҳал қилувчи жарима очкосини олди (4:5). Якуний ҳисоб 1:2.

Озода Собиржонова 2002 йилда Жиззах вилояти Зомин туманида туғилган. 2017 йилдан Ўзбекистон терма жамоаси вакили. Унинг биринчи устози Дадахон Ғаффоров. Олимпиадага Жасур Байқўзиев бошчилигида тайёргарлик кўрган.

2018 йилги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, 2019 йилда тенгдошлари ўртасидаги қитъа чемпионатида у бронза медали билан тақдирланган. Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида Собиржонова аралаш жамоавий баҳсда бронза медалини қўлга киритган.