Самарқанд вилоятида ҳайдовчилик гувоҳномаси учун фуқаролардан имтиҳонларни қабул қилувчи янги имтиҳон маркази иш бошлади. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар қилди.

Очилиш маросимида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи полковник Шерзод Ибрагимов, вилоят ИИБ бошлиғи Раҳмат Маматов ҳамда ЙҲХБ бошлиғи Шавкат Байхўрозов, шунингдек, бошқа мутасадди раҳбарлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Марказдаги шарт-шароитлар ва инсон омилисиз, автоматлаштирилган тизим билан танишилди.

Собиқ адлия вазири Русланбек Давлетов ушбу имтиҳон марказлари очилиши ҳақида гапирар экан, қайси ҳудудда шундай имтиҳон маркази очилса, ўша ерда давлат ўз функциясини тугатишини айтганди.

«Энди давлат нима қиляпти, давлат айтаяптики, биз янги тизим қиламиз: Мана шунақа талаблар бўлади. У ерда инсон омилисиз электрон равишда ҳайдовчига баҳо берадиган тизим бўлиши керак, деяпти. Ўша талабларни белгилаб қўйяпти. Агарда қайси ҳудудда шу талабларга мос равишда хусусий сектордан тадбиркор кириб келса, давлат ўзининг шу функциясини тугатади, деяпти. Қайси вилоятда очилса, шу ёқдаги давлат тизими тугайди», — дея таъкидлаганди вазир.