Туркияда 9 кундан буён кириш чекланган Instagram ижтимоий тармоғи 10 август, шанба куни соат 21:30 дан блокдан чиқарилди, дея хабар бермоқда Reuters агентлиги.

2 август куни мамлакат Технологиялар ва коммуникациялар кенгаши (ТКК) мамлакатда Instagram`га киришни блоклаганди. Бу қарор платформа туркиялик фойдаланувчиларнинг ҲАМАС сиёсий етакчиси Исмоил Ҳаниянинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирган постларини ўчириб ташлагани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Тўққиз кунлик тақиқ фойдаланувчилар ва кичик бизнес эгаларининг норозилигига сабаб бўлди. Статистик маълумотларига кўра, Туркия Instagram`дан фойдаланиш бўйича дунёда бешинчи ўринда туради, мамлакатда 57 миллиондан ортиқ киши ундан рўйхатдан ўтган.

Транспорт ва инфратузилма вазири Абдулқодир Уралўғли Х ижтимоий тармоғида қолдирган постида Instagram билан олиб борилган музокаралар натижасида платформа талабларни бажаришга ва фойдаланувчиларга қўйилган цензурани тартибга солишга рози бўлганини билдирди.

«Биз бошиданоқ ижтимоий медиа платформалари Туркия қонунларини ҳурмат қилишини хоҳлаган эдик. Instagram расмийлари билан олиб борган музокараларимиз натижасида, улар бизнинг талабларимизни қондиришга, айниқса, каталог жиноятлар (унга қотиллик, жинсий зўравонлик, гиёҳванд моддалар савдоси, қийноқлар кабилар киради) доирасида ва фойдаланувчиларга қўйилган цензура устида биргаликда ишлашга ваъда беришди», — деди у.

Вазирнинг сўзларига кўра, Instagram`га эгалик қилувчи Meta компаниси Туркия қонунларига риоя қилишга, баъзи жиноятлар ёки «террорчилик ташвиқоти» элементларини ўз ичига олган постларни олиб ташлашга рози бўлган.

Компаниянинг ўзи ҳозирча бунга изоҳ берганича йўқ. Интернет мониторингини ўтказувчи ташкилот NetBlocks`нинг ёзишича, мазкур блок йиллар давомида платформага қўйилган энг узоқ муддатли тақиқ бўлди.