Одинцово шаҳрида (Россия) ўтказилган рейдларда 15 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди, дея хабар бермоқда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда Россия ички ишлар вазирлигининг Одинцово шаҳри округидаги 5-полиция бўлимида 4 кундан ортиқ вақт давомида 15 нафар Ўзбекистон фуқароси ноқонуний ушлаб турилгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Вазиятга аниқлиқ киритиш мақсадида 8 августда элчихонанинг консуллик бўлими ходимлари окрукдаги бўлимда бўлган. Учрашув давомида ўзбекистонликлар мамлакат ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан Одинцово шаҳар округида ўтказилган рейд натижасида ҳибсга олингани аниқланган.

«Юқорида қайд этилган Ўзбекистон фуқаролари Москва вилояти ҳудудида тегишли рухсатномаларни расмийлаштирмасдан меҳнат фаолиятини ноқонуний равишда олиб боришган», — дейилади хабарда.

9 август куни улар Россиядан чиқариб юбориш учун ИИВнинг Москва вилояти бош бошқармаси чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган.

Элчихона Россияга келишни режалаштираётганлардан, шунингдек, меҳнат миграцияси бўйича шу ердаги фуқаролардан мамлакатда белгиланган қонун ҳужжатларига риоя қилишларини сўради.