Ўзбекистонлик таэквондо устаси Светлана Осипова Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларида кумуш медалга сазовор бўлди. У финалда собиқ жаҳон чемпиони ва Токио-2020 бронза медали соҳиби Альтея Лоренга мағлуб бўлди. Бироқ, Светлананинг медали Ўзбекистон тарихида таэквондочи аёллар қўлга киритган илк соврин бўлди.

Финал жангининг биринчи бўлимида рақиб 3 очко олиб, устун келди. Иккинчи бўлимда Светлана Осипова ҳам 3 очко қўлга киритди. Бироқ, асосий вақт якунида Франция томони норозилик билдириб, жанг видосини қайта қўриш учун ҳакамларга сўров киритди. Ҳайъат аъзолари мураббийнинг сўровини қаноатлантирди ва Альтея Лоренга эътиборга олинмай қолган зарбаси учун 3 очко берди, ғисоб тенглашди. Якунда рақибдаги фаоллик ҳисобига француз спортчиси жангда ғолиб бўлди.


Таэквондо WТ бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Светлана Осипова ушбу спорт турида Олимпия ўйинларида медаль қўлга киритган биринчи аёл спортчига айланди.

Ушбу натижадан кейин терма жамоамиз ҳисобидаги медаллар ҳозирча жами 12 та: 7 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронзага етди.