Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличевнинг юрак хуружидан кейинги аҳволи мўтадил, деб баҳоланмоқда. Бу ҳақда Бокс федерацияси матбуот хизмати хабар берди.

Бир кун аввал Британия матбуоти ўзбек боксчиси Ҳасанбой Дўсматовнинг Олимпиада олтин медалини нишонлаётган машғулот майдонида юрак хуружига учраган Қиличевни британиялик бокс шифокори Харж Сингх ва физиотерапевт Робби Лиллис даволагани ҳақида хабар берганди. Сингх сунъий нафас берган, Лиллис эса дефибриллятор амалиётини қўллаган.

Бокс федерацияси хабарида бу ҳақида айтилмаган. Ташкилот маълумотларига кўра, бош мураббийнинг «соғлигида бироз муаммолар кузатилган ҳамда спортчилар кийиниш хонасида ташкилий қўмита шифокорлари томонидан мураббийга зудлик билан биринчи ёрдам кўрсатилган».

«Ҳозирги кунда мураббийимизнинг соғлиги мўтадил, ўзини яхши ҳис қилмоқда. Бироз [тиббий] муолажалар олиши талаб этилади», — дея қайд этди федерация.

Ташкилот, шунингдек, Тўлқин Қиличев Ўзбекистоннинг «бутун дунё боксида биринчи бўлишида» улкан ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлади. «Тўлқин Қиличевга соғлик тилаб, тезроқ сафимизга қайтишини кутиб қоламиз. Ишонамизки, тез кунларда жамоамиз сафига қайтиб, яна боксчиларимизни ғалабалар томон бошлаб боради», — дейилади хабарда.

бокс федерацияси, олимпиада ўйинлари, париж-2024, тўлқин қиличев

Олимпиадада бокс бўйича медаллар жамғармаси ғолиби Ўзбекистон бўлди, мамлакат вакиллари — эркаклар жамоасининг етти нафар аъзосидан бештаси олтин медални қўлга киритди. Ушбу рейтингда иккинчи ўринни боксчилари учта олтин ва иккита кумуш медални қўлга киритган Хитой эгаллади. Хитой Тайпейи битта олтин ва иккита бронза медали билан учинчи бўлди.

Икки боксчи — Ҳасанбой Дўсматов (-51 кг) ва Баҳодир Жалолов (+92 кг) икки карра Олимпиада чемпиони бўлди. Рио-2016 ўйинларида ҳам Ўзбекистон 7 та медаль (3−2−2) билан биринчи ўринни эгаллаганди.

бокс федерацияси, олимпиада ўйинлари, париж-2024, тўлқин қиличев

Боксчилар ва бошқа спортчиларнинг муваффақияти Ўзбекистонга Олимпиадада 13 та медаль (8−2−3) билан умумжамоа ҳисобида 13-ўринга кўтарилиб, тарихдаги энг яхши натижасини кўрсатиш имконини берди.