Республика перинатал марказида 7 август куни Тошкент туманида яшовчи 23 ёшли аёл 4 нафар эгизак — 3 қиз ва 1 ўғил фарзандли бўлди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Маълум қилинишича, республика перинатал марказида чақалоқларнинг соғлом туғилиши учун барча зарур шарт-шароит ҳозирланиб, кесарча усулида, асоратсиз туғуруқ амалиёти натижасида 1622 граммлик бир нафар ўғил, 1330, 1510 ва 1370 граммлик уч нафар қиз чақалоқ дунёга келди.

Вазирликнинг хабар қилишича, гўдакларнинг аҳволи яхши. Уларнинг зарур витаминлар ҳамда она сути билан озиқланиши неонатолог-шифокор ва ҳамширалар назорати остида.