Наманган вилояти Поп туманидаги мактаблардан бирининг директори ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилгани учун жаримага тортилди, дея хабар бермоқда Бандлик вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, тумандаги 43-мактаб директори таътил бўлишига қарамай, педагогларни чақириб, соат 16:00 гача мактаб ҳудудидаги ўт-ўлан, беда ва ажриқларни юлдирган. Бироқ директор бундай қонун-қоидаларнинг ташаббускори эмаслигини айтган, кимнинг буйруғи эканлигига эса жавоб беришни истамаган.

«Ўзим ҳам бирга ўша ерларни тозалайман. Энди ойлик олгандан кейин уларга ҳам нимадир иш топиб бериш керак-ку. Ичкарида иш йўқ. Ҳамма жойда шундай. Сайлов жараёнлари бошланди. Назорат учун келганлар ободонлаштиришни кўради», — деган директор.

Бандлик вазирлиги ҳолат юзасидан муносабат билдираркан, Меҳнат кодексининг 5-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 349 сонли қарорига зид равишда муассаса ходимлари мактаб ҳовлисида тозалов ишларига жалб этилганини аниқлади.

Шу сабабли, ташкилот раҳбарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддаси (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) 1-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (17 млн сўм) миқдорида маъмурий жарима қўлланди.