Париждаги Олимпия ўйинларида қатнашган Ўзбекистон терма жамоаси спортчилари Тошкентда тантанали равишда кутиб олинади. Делегация самолётда 12 август куни тахминан соат 19:00 да Тошкентга етиб келади, деб хабар бермоқда Спорт вазирлиги матбуот хизмати.

Спортчилар президент Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан Тошкент аэропортининг 3-терминалида кутиб олинади.

париж 2024, олимпия ўйинлари, олимпия ўйинлари 2024

Расмий маросимдан сўнг Олимпия чемпионлари ва совриндорлари қўриқчилар ҳамроҳлигида аэропортдан Миллий олимпия қўмитаси биносигача — Бобур, Нукус, Ойбек, Шароф Рашидов, Шаҳрисабз кўчалари, Амир Темур хиёбони, Ислом Каримов кўчалари орқали ҳаракатланади.

Спортчиларни кўришни истовчилар маршрут бўйлаб махсус ажратилган нуқталарда табриклаш учун чиқишлари мумкин бўлади. Маршрут ва спортчиларни кузатиш нуқталари вазирликнинг махсус видеолавҳасида кўрсатилган. Расмдаги доира шаклида белгиланган нуқталарда фуқаролар хавфсизлик чора-тадбирларига қатъий риоя қилган ҳолда чемпионларни ғалабалар билан қутлашлари мумкин.

2024 йилги Париж Олимпиадаси Ўзбекистон учун мамлакат мустақиллиги тарихидаги энг муваффақиятли Олимпиада бўлди. Ўзбекистон унда 13 та медаль (8−2−3) билан 206 та давлат орасида умумий медаллар ҳисобида 13-ўринни, Марказий Осиёда 1-ўринни, МДҲда 1-ўринни, Осиёда 4-ўринни эгаллади.