Салим Абдувалиев («Салимбой»)нинг ўлими ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шохрух Ғиёсов «Газета.uz»га маълум қилди.

11 август куни YouTube`даги «Авторитет» каналида 19 март куни 6 йилга озодликдан маҳрум этилган тадбиркор, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Салим Абдувалиевнинг ўлими ҳақидаги видеоролик пайдо бўлди.

Бу маълумотни ҳуқуқ ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов Facebook`даги саҳифасида эълон қилди ва бунинг ёлғон эканига умид билдирди.

Салим Абдувалиевнинг ҳибсга олингани ҳақида ўтган йилнинг декабрида хабар берилганди. Бу Ўзбекистон бўйлаб «кўча гуруҳлари» ва жиноий гуруҳ аъзоларини аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар доирасида содир бўлди.

Дастлаб унга нисбатан Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисми — ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлашда гумон қилинувчи шахс сифатида жиноий иш қўзғатилганди. Кейин иш ўша модданинг 2-қисмига — такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган ҳаракатларга ўзгартирилди. Кодексга мувофиқ, ушбу моддада назарда тутилган ашёларни ихтиёрий равишда топширган шахс жавобгарликдан озод қилинади.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Миробод туман судининг 19 март куни бўлиб ўтган мажлисида Абдувалиев Жиноят кодексининг 248-моддаси (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилиб, унга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шу билан бирга, Салим Абдувалиев Жиноят кодексининг 246-моддаси (Контрабанда) 1-қисми билан жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетгани сабабли жиноий жавобгарликдан озод этилиб, жиноят ишининг шу қисми Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси (Айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб жиноят ишини тугатиш учун асослар) 1-қисми 1-бандига асосан тугатилган.

Олий суд сайтида судья Сардорбек Содиқов томонидан имзоланган 1−1002−2401/155 рақамли «Салимбой» иши бўйича қарор бўм-бўш бўлиб чиқди, шу сабабли ҳукм тафсилотларини аниқлаб бўлмаяпти.

Салим Абдувалиев (1950 йилда туғилган, нафақада, судланмаган)

74 ёшли тадбиркор 2017 йил январь ойидан буён Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари ва мамлакат спорт курашлари ассоциацияси раиси лавозимларида ишлаб келаётганди. Абдувалиев спорт фаолиятига қўшган ҳиссаси учун 2015 йилда «Дўстлик» ордени, 2021 йилда эса «Хизмат кўрсатган спорт мураббийи» унвони билан тақдирланган.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари 2023 йил декбарь ойи бошида Салим Абдувалиевни қўлга олган. Шундан сўнг Тошкент шаҳри ҳуқуқ-тартибот идоралари Абдувалиевга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини танлаган.

Август ойи бошида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Салим Абдувалиев томонидан «Братский круг» халқаро жиноий гуруҳи таркибига кирган Қамчибек Асанбек (Қамчи Кўлбоев) уюшган жиноий гуруҳи фаолияти молиялаштирилгани фактларини аниқлаган. Махсус хизматнинг таъкидлашича, Абдувалиев шу тариқа Қирғизистон ва МДҲ давлатларига ўз таъсир доирасини кенгайтиришни мақсад қилган. Абдувалиев Қирғизистонда Интерпол томонидан қидирувга берилган.