2024 йилнинг биринчи ярмида Жанубий Кореяга ўқиш ёки амалиёт ўташ учун борган хорижликлар сони рекорд даражага етди. Бу ҳақда Корея туризм ташкилотига таяниб Yonhap агентлиги хабар берди.

Йилнинг биринчи ярмида 204 минг нафар чет эллик талаба ва курс тингловчиси ана шундай мақсадларда мамлакатга борган, бу ўтган йилнинг биринчи ярмига нисбатан 50,6 фоизга кўп. Биринчи яримйилликдаги аввалги рекорд 2019 йилда қайд этилган — 184,5 минг киши.

Жанубий Кореядаги талабаларнинг 55,2 фоизи ёки 112,7 минг нафари Хитой ҳиссасига тўғри келади. Иккинчи ўринни Вьетнам — 33,2 минг, учинчини — Япония (6864) эгаллади.

Мўғулистон тўртинчи ўринда (6724 нафар), Ўзбекистон эса 4997 нафар талаба билан бешинчи ўринда.

Ғарб давлатлари орасида Жанубий Кореяда ўқийдиган энг кўп хорижий фуқаролар Франция (3507) ва АҚШдан (3089) келган.

Топ 10 таликка, шунингдек, Тайван (2552), Мьянма (2255) ва Германия (1953) кирди. Россиядан 1483 нафар, Қозоғистондан 1022 киши келган.

Бутун дунёдан Кореяга ўқиш ва амалиёт ўташ учун келган хорижликлар сонининг кўпайиши кўп жиҳатдан «Корея тўлқини»нинг (Hallyu) таъсири билан боғлиқ. «К-контент» — K-pop, K-movies, K-drama, K-beauty ва K-food — бутун дунёда машҳур бўлгани учун чет эллик ёшлар орасида Кореяга қизиқиш ортди, деб ёзади Yonhap.

Бундан ташқари, кўп ҳолларда одамлар корейс тили ва маданиятини ўрганмоқда ёки иш мақсадида учун чет элда ўқимоқда.

Маҳаллий университетлар ва маҳаллий органлар кореялик талабалар сони камайиб бораётгани сабабли чет эллик талабаларни жалб қилишда жуда фаол.

Ҳукумат ва маҳаллий ҳокимиятлар ҳам корейс тилини мукаммал биладиган чет эллик талабаларни мамлакатда ишга жойлаштиришни рағбатлантириш сиёсатини олиб бормоқда. У кичик ва ўрта бизнесда ишчи кучи етишмаслиги муаммосини ҳал қилишга ва аҳоли сонининг қисқаришига жавоб беришга қаратилган.

2027 йилга бориб Корея 300 минг чет эллик талабани ўқишга жалб қилишни режалаштирмоқда. Ушбу лойиҳа Жанубий Корея иқтисодиётини юқори малакали ишчилар билан таъминлаш заруратидан, шунингдек, ҳукуматнинг дунёнинг энг яхши талабалари учун рақобат кучайиб бораётганини тушунишидан келиб чиқади.

Ушбу мақсадга эришиш учун ҳукумат саъй-ҳаракатларини давлат стипендиялари (Global Korea Scholarships) учун квотани оширишга қаратмоқда. Расмийлар, шунингдек, STEM йўналишларида ўқиш учун ариза топшираётган талабаларга (бу талабалар учун стипендиялар ўтган йилги 1335 дан икки баравар кўпайди) устуворлик беришни ва талабаларни Сеулдан ташқаридаги университетларга ўқишга киришга рағбатлантиришни режалаштирмоқда. Уларнинг рақобатбардошлигини ошириш учун Корея университетлари инглиз тилида ўқитишни кенгайтиришга чақирилмоқда.

Шунингдек, стипендиялар алоҳида мамлакатларга ҳам ажратилмоқда — масалан, мудофаа ва ядро технологияларига қизиққан Польша ва БАА (бу ерда Корея компанияси АЭС қурган) талабалари учун квоталар оширилмоқда.

STEM ва янги устувор мамлакатларга эътибор Хитой, Вьетнам ва Ўзбекистондан келган талабаларга ҳаддан ташқари таяниб қолишни тўғрилашга қаратилган. University World News маълумотларига кўра, ушбу уч мамлакат халқаро талабалар учун жорий квотанинг учдан икки қисмини ташкил қилади ва уларнинг аксарият талабалари гуманитар дастурларда ўқимоқда.

2023 йил якунига кўра, Ўзбекистон Корея (10,4 минг) университетларидаги талабалари сони бўйича Хитой (68 минг) ва Вьетнам (43,4 минг)дан кейинги ўринда бўлди.

ЮНEСКО ҳисоботига кўра, 2021 йилда (икки йиллик сўнгги ҳисобот ҳали эълон қилинмаган) Ўзбекистондан 110 минг талаба хорижий мамлакатларда таҳсил олган. Бунда мамлакат Хитой (1 миллион), Ҳиндистон (508 минг), Вьетнам (137 минг) ва Германиядан (126 минг) кейин бешинчи ўринни эгаллаган.

АҚШ халқаро талабаларни қабул қилувчи асосий давлатга айланди. 2021 йилда АҚШда 833 минг талаба таҳсил олган. Буюк Британияда 601 минг, Австралияда 378 минг, Германияда 376 минг ва Канадада 318 минг чет эллик талаба бор.