Тошкент ҳокимлиги пойтахтда ер участкаларини сотиш ва ижарага бериш бўйича ишга туширилган онлайн платформа юзасидан изоҳ берди.

projects.toshkentinvest.uz сайти E-auksion тизими билан интеграциялашган аукцион тамойилидаги платформа ҳисобланади. Унда тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун 110 дан ортиқ ер участкалари акс эттирилган.

Объектларни сотиш ёки ижарага беришдан олинган барча маблағлар маҳалла ва туман ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади, дейилади хабарда.

Пойтахт аҳолиси Олмазор туманидаги «Янги Себзор» маҳалласидаги 1,2 млрд сўмга баҳоланиб, сотувга қўйилган 250 квадрат метр майдондаги болалар майдончаси тақдирига хавотир билдирмоқда.

Ҳокимлик маълумотларига кўра, бундай объектларни сотиб олиш «тадбиркорга масъулият юклайди ва натижада аҳоли фаровонлигига хизмат қилади: янги иш ўринлари яратилади, инфратузилма яхшиланади, ижтимоий-иқтисодий самара беради».

Маълум қилинишича, «Янги Себзор» маҳалласи «Обод маҳалла» дастури доирасида янгиланмоқда.

аукцион, ер сотуви, тошкент, тошкент ҳокимлиги

«Маҳалланинг янги бош режаси бевосита аҳолининг истаклари ва улар билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган. Жумладан, болалар майдончаси жойлашувини ўзгартириш, яъни уни транспорт қатнови қисмдан ичкарироққа кўчириш ҳам аҳоли истаги эди. Шунингдек, лойиҳа ҳудуддаги дарахтларнинг кесилишини истисно қилади», — дея тушунтирди ҳокимлик.

Пойтахт ҳокимлигининг таъкидлашича, суратда «майдоначага эскирган қурилмалар ўрнатилгани, уларнинг айримлари бузилгани, шунингдек, тўғридан-тўғри йўл ёқасида жойлашганини» кўриш мумкин ва «бу аҳоли ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдиради».

Шу сабабли, «Обод маҳалла» дастури доирасида пойтахтнинг 60 та бошқа маҳалласида қилинган ва қилинаётган ишлар каби буни ҳам хавфсизроқ жойга кўчириш, қопламасини янгилаш ва янги арғимчоқлар ҳамда жиҳозлар билан тўлдириш режалаштирилган.

Маҳаллаларда болалар майдончаларидан ташқари, ёритиш тизими янгиланмоқда, суғориш тизими ўрнатилмоқда, қўшимча дарахт ва буталар экилмоқда, янги ўриндиқлар, айвончалар, чиқибди қутилари ва бошқалар ўрнатилмоқда.

Апрель ойида Тошкент ҳокими Шавкат Умурзоқов пойтахтда маҳаллалар фаолиятининг ягона механизми жорий этилишини маълум қилганди. Уларнинг инфратузилмаси ва ташқи кўриниши ягона стандартга келтирилади, шаффоф мониторинг тизими яратилади. «Маҳаллаларнинг асл бошқаруви фуқаролар қўлига, қулайлиги ва хавфсизлигини таъминлаш эса масъулларга юклатилади», — дейилади хабарда.