Ўзбекистон Адлия вазирлиги Имом Термизий номидаги ислом институтини давлат рўйхатидан ўтказди. Бу ҳақда Мусулмонлар идораси матбуот хизмати хабар берди.

Таълим муассасасида ўқиш 4 йил бўлиб, бакалавр даражасидаги олий диний маълумотли ҳадис илмлари, диний фанлар ва араб тили бўйича мутахассислар тайёрланади. Бу билан мамлакатдаги олий диний таълим муассасалари сони 4 тага етди (Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби).

Институтга 2024−2025 ўқув йили учун қабул эълон қилинади. Ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш 14 августдан 20 августга (шу куни ҳам соат 18:00 гача) қадар давом этади.

Абитуриентлар қабул ҳайъатига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

  • таълим муассасаси ректори номига ариза;
  • паспорт ёки ID карта нусхаси (асли кўрсатилади);
  • ўрта махсус ислом таълим муассасасини тамомлагани тўғрисидаги ҳужжат (диплом) ва унинг иловаси асл нусхада;
  • 3,5×4,5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат (сўнгги уч ойда олинган ва орқа фони оқ рангда бўлиши талаб этилади).

Абитуриентлар қуйидаги фанлар бўйича қабул имтиҳонларини топширади:

  • араб тили (тест синови) 30×3,1 — 93 балл;
  • ҳадис ва мусталаҳул ҳадис (ижодий имтиҳон) — 63 балл;
  • Ўзбекистон тарихи (тест синови) 30×1,1 — 33 балл.

Араб тили бўйича В2 даражасидаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган абитуриентларга ушбу фандан имтиҳонларсиз белгиланган максимал балл берилади. Таълим муассасасига ҳужжат топшириш учун абитуриентлардан базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг ярим баравари миқдорида (170 минг сўм) тўлов ундирилади.

Қабул имтиҳонларини ўтказиш санаси бўйича қўшимча маълумот берилади, дейилади хабарда. Жараён ҳақидаги янгиликларни мазкур каналда кузатиб бориш мумкин.

Маълумот учун, Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилда Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида берган топшириғи ижроси юзасидан Термиз шаҳрида 2020−2021 ўқув йилидан ўрта махсус ислом таълим муассасаси ташкил этилган ва 2023−2024 ўқув йилида илк битирувчилар мазкур муассасани тамомлаганди. Институт эса ўрта махсус ислом таълим муассасасининг узвий давоми сифатида ташкил этилди.