Украинанинг Россиянинг Курск вилоятидаги операциясининг якуний мақсади ҳамон ноаниқлигича қолмоқда, бироқ минимал вазифа рус қўшинларини Харков ва Донецк вилоятларидаги фронт ҳудудларидан олиб чиқиб кетиши бўлиб кўринмоқда, деб ёзади The Economist.

Дастлабки баҳоларга кўра, ушбу операция натижалари «ноаниқ», деб таъкидлайди нашр. Россия Харков фронтидан қўшинларини кўчирди, бироқ Донбасс фронтида бундай фаоллик кузатилмади.

«Уларнинг (Россия қўшинлари) қўмондонлари аҳмоқ эмас. Улар ҳаракатланувчи кучлар, лекин биз хоҳлаганчалик тез эмас. Улар билишадики, биз логистикани 80 ёки 100 км га кенгайтира олмаймиз», — деди Украина Қуролли кучлари Бош штаби нашрга.

Бироқ Украина Қуролли Кучларининг операцияси «бир муҳим номоддий кўрсаткич»ни яхшилади — бу Украина армиясидаги руҳий ҳолатни кўтарди, деб ёзади нашр. Украина ҳарбийларига кўра, жароҳатлар ва йўқотишларга қарамай, улар «ҳеч нарсадан афсусланмайдилар». «Узоқ вақт ичида илк марта биздан ҳаракат бўлди», — деди Украина Қуролли кучлари аскарларидан бири.

Операциянинг баъзи элементлари «пухталик билан режала қилинган кўринади» ва операцион хавфсизлик The Economist’нинг таъкидлашича, урушнинг муҳим жиҳати ҳисобланади.

«Биз энг қобилиятли бўлинмаларимизни чегарадаги энг заиф нуқтага жўнатдик. Муддатли ҳарбийлар десантчилар билан тўқнашиб, шунчаки таслим бўлишди», — деди нашрга Украина Қуролли кучлари Бош штабидаги манба.

Аввалроқ AFP агентлиги Украина хавфсизлик хизматининг юқори мартабали мулозимига таяниб, Украинанинг Курск вилоятидаги ҳужумидан мақсад россиялик кучларнинг позицияларини «чўзиш», «максимал йўқотишлар» ва Россиядаги вазиятни «беқарорлаштириш» эканини ёзган эди. Манба, шунингдек, Украина ҳеч қандай ҳудудни аннексия қилишни режалаштирмаганини таъкидлади. «Украина ҳеч қандай конвенцияни бузмаслиги жуда муҳим. Биз инсонпарварлик қонунчилигига қатъий риоя қиламиз: биз маҳбусларни қатл қилмаймиз, аёлларни зўрламаймиз, талон-торож қилмаймиз», — дея ишонтирди у.

  • Украина қуролли кучлари 6 август куни Курск вилоятининг Суджанский туманига ҳужум бошлади. Россия Мудофаа вазирлиги Украина қуролли кучларининг олдинга силжиши тўхтатилганини маълум қилди, бироқ россиялик ҳарбийлар тарафдори бўлган блогерларнинг фикрича, у давом этмоқда. 12 август куни эрталабдан Украина қўшинлари Суджа шаҳри устидан назорат ўрнатган кўринади. The Washington Post нашрининг ёзишича, операцияда Украинанинг бир неча механизациялашган ва ҳужум бўлинмалари иштирок этиши мумкин.