Сурхондарё вилояти Денов туманида 32 ёшли эркак вояга етмаган қизга уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилгани аниқланди, дея хабар бермоқда болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова.

Ш. М. (аёл)нинг мурожаатида айтилишича, 3 июнь куни унинг 10 ёшли қизи Д.А.га уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, 32 ёшли қўшниси Б.Ш. (эркак) уятсиз қилиқлар қилган.

Эркак вояга етмаган қизга бўлган ҳолатни кимгадир айтса, ўлдириш билан қўрқитган. Аёл қизи эркакнинг уйга кириб, қилган ишларини видеотасвирга олганини билдирган.

«Бу ҳолат юзасидан тергов органларига хабар берган, лекин улар томонидан тегишли чора кўрилмаган. Фарзандининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ёрдам сўраган», — дейилади хабарда.

Болалар омбудсманининг Ички ишлар вазирлигига юборган сўрови асосида Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан 7 июль куни экракка нисбатан Жиноят кодексининг 129-моддаси 2-қисми «в» банди (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши юзасидан 26 июль куни айбланувчи Б.Ш.га нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари тамомланиб, жиноят иши материаллари тегишли судга юборилган.