Шавкат Мирзиёев 13 август куни сунъий интеллект ва IT соҳасидаги стартап лойиҳаларни ривожлантириш чора-тадбирларига доир тақдимот билан танишди, деб хабар беради президент матбуот хизмати.

Унда айтилишича, мамлакатда ахборот технологиялари ривожлантирилиб, барча соҳаларда татбиқ этилиши натижасида шу йилнинг ўтган даврида рақамли хизматлар ҳажми 21 триллион сўмдан ошган, йил якуни билан 43 триллион сўмга етиши кутилмоқда. Соҳада 367 миллион долларлик хизматлар экспорт қилинди. IT-парк резидентлари 577 тага кўпайиб, 2 мингтадан ошди. Уларда ишлаётган ёшлар сони эса 32 мингтага етди.

Бу йил соғлиқни сақлаш, энергетика, транспорт, таълим, қишлоқ ва сув хўжалиги, қурилиш каби соҳаларда 100 дан ортиқ рақамлаштириш лойиҳалари амалга оширилмоқда.

MyID ва UzFace дастурлари 70 дан ортиқ ташкилот, банк, электрон савдо майдончалари ва тўлов тизимларида жорий қилиниб, 10 миллион фойдаланувчини масофавий биометрик идентификация қилиш имконияти яратилди. «Ўзбеккосмос» сунъий интеллектни қўллаб, 43 мингга яқин ер қаъридан ноқонуний фойдаланиш ва рухсатсиз қурилиш ҳолатларини аниқлади.

it, ахборот технологиялари, стартаплар, сунъий интеллект

Тақдимотда соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, банк, солиқ, божхона каби соҳаларда сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш чора-тадбирлари кўриб чиқилди.

Аввало, сунъий интеллект бўйича қонунчилик базасини яратиш кераклиги қайд этилди. Сунъий интеллектни жорий этиш стратегияси ва икки йиллик лойиҳалар дастурини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Сунъий интеллект технологиялари марказини ташкил қилиш бўйича топшириқ берилди.

Хусусан, банк-молия соҳасида сунъий интеллектни қўллашни кенгайтириш, бу бўйича кадрлар тайёрлаш ва ходимлар малакасини ошириш зарурлиги таъкидланди.

it, ахборот технологиялари, стартаплар, сунъий интеллект

Бугунги кунда 4 та университетда сунъий интеллект бўйича кадрлар тайёрланяпти, ҳозирда катта маълумотларни қайта ишлаш ва тил моделлари бўйича 600 нафар мутахассисга талаб бор, бу келгуси йилларда каррасига ошади, деди президент. Давлат раҳбари соҳалар кесимида талабга мос мутахассислар тайёрлаш муҳимлигини айтди.

Таъкидланишича, ўтган йили IT соҳасидаги стартап лойиҳалар учун жалб қилинган венчур инвестициялар ҳажми 134 миллион долларни ташкил қилган.

Давлат раҳбари стартап лойиҳаларни молиялаштириш учун венчур инвестицияларга кенг шароит яратиш вақти келганини таъкидлади. Шу боис стартап экотизимини ривожлантириш, венчурли молиялаштириш механизмларини жорий қилиш бўйича топшириқлар берилди.