Жо Байден президентлик пойгасини тарк этганидан сўнг берган биринчи интервьюсида ўз қарорини Дональд Трампнинг сайловда ғалаба қозонишига йўл қўймаслик истаги билан изоҳлади.

«…Вакиллар палатаси ва Сенатдаги баъзи бир демократ ҳамкасбларим сайловда уларга зарар етказишим мумкин, деган қарорга келишди. Агар мен пойгада қолсам, бу нарса мавзу бўлиши мумкинлигидан хавотирда эдим. Мендан интервью олиб, „Нега Нэнси Пелоси (Вакиллар палатасининг собиқ спикери — таҳр.) ундай деди?“, „Нега бундай деди?“ деб сўрардингиз. Ва мен бу чалғитади, деб қарор қилдим. Бу биринчи», — деди Байден CBS телеканалига берган интервьюсида.

«Иккинчидан, мен биринчи марта ўз номзодимни қўйганимда, ўзимни ўтиш даври президенти деб ҳисоблардим. Мен ҳатто неча ёшдалигимни ҳам айта олмайман, менга бу ҳақда айтиш қийин» — деди 81 ёшли Байден.

«Мен учун энг муҳим масала — ҳазиллашаётганим йўқ — демократияни сақлаб қолиш, — дея давом этди Байден. — Чунки президент бўлиш катта шараф бўлса-да, менимча, мамлакат олдидаги бурчим — мумкин бўлган энг муҳим ишни қилиш ва бу муҳим иш — биз Трампни мағлуб этишимиз керак, керак, керак».

Байден, шунингдек, агар Трамп ноябрь ойида мағлубиятга учраса, ҳокимиятнинг тинч йўл билан топширилишига ишонмаслигини таъкидлади. Собиқ президент ҳали ҳам аввалги сайловларда Байденга мағлуб бўлганини тан олишдан бош тортмоқда.

«У нима деса, шуни назарда тутади. Биз буни жиддий қабул қилмаймиз, у эса жиддий гапиряпти. Ҳамма гаплари „агар ютқазсак, қонли ҳаммом (шафқатсизларча қирғин қилиш; шафқатсизлик маъносида — таҳр.) бўлади“ кабидир», — деди Байден.

«Сиз фақат ғалаба қозонганингизда ўз мамлакатингизни сева олмайсиз» — дея қўшимча қилди АҚШ президенти.

АҚШда президентлик сайловлари 5 ноябрь куни бўлиб ўтади.