Париж 2024 Олимпиадасида совриндор бўлган спортчиларнинг мураббийлари ҳам пул мукофотлари билан тақдирланди.

Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизматининг «Газета.uz»га хабар беришича, олтин медаль олган спортчиларнинг мураббийлари 50 минг АҚШ доллари, кумуш олганларнинг мураббийлари 25 минг АҚШ доллари, бронза медаль олганларнинг мураббийлари эса 12 500 АҚШ долларидан мукофотланди.

Маълумот учун, Олимпиада ғолиблари ва совриндорларига 50 мингдан 200 минг долларгача бўлган пул мукофотлари, Tahoe ва BYD Song Plus автомобиллари, шунингдек, икки қаватли коттежлар ва хонадонлар берилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Олимпиадага жами 90 нафар спортчи юборганди. Улар мусобақада 13 та медаль — 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронзани қўлга киритди. Республика медаллар ҳисобида 206 давлат орасида 13-ўрин, Марказий Осиё, МДҲ, Ислом бирдамлиги ва Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар орасида 1-ўрин, Осиё бўйича эса 4-ўринни (Хитой, Япония ва Жанубий Кореядан кейин) эгаллади.