12 август оқшомида Париждан етиб келган Ўзбекистон миллий олимпия терма жамоаси аъзолари Тошкент аэропортида кутиб олинди. Ҳукумат ва Сенат раҳбарлари ҳамда бошқа расмийлар, шунингдек, спортчилар сўзга чиққан тантанали маросимдан сўнг олимпиячилар икки қаватли автобусларда пойтахт кўчалари бўйлаб сайр қилди, уларни қўлларида байроқлар кўтарган аҳоли кутиб олди.

Миллий олимпия қўмитасида бўлиб ўтган тантанали маросимда бош вазир Абдулла Арипов ва Сенат раиси Танзила Нарбаева томонидан уларга «Президент совғаси» ёзилган пул мукофотлари ва уй-жой сертификатлари топширилди. Мукофот миқдори давлат раҳбари томонидан 2022 йилнинг февраль ойида тасдиқланган, улар давлат бюджетидан ажратилади.

Фото: Бокс федерацияси.Фото: Бокс федерацияси.

Олтин медаль олганларга:

  • 200 минг АҚШ доллари;
  • Tahoe автомобили;
  • икки қаватли коттеж.

Кумуш медаль олганларга:

  • 100 минг доллар;
  • BYD Song Plus EV Champion Flagship автомобили;
  • хонадон.

Бронза медаль олганларга:

  • 50 минг доллар;
  • BYD Song Plus DM-I Champion Flagship автомобили;
  • хонадон.

Фото: Бокс федерацияси.Фото: Бокс федерацияси.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Олимпиадага жами 90 нафар спортчи юборганди. Улар мусобақада 13 та медаль — 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронзани қўлга киритди. Республика медаллар ҳисобида 206 давлат орасида 13-ўрин, Марказий Осиё, МДҲ, Ислом бирдамлиги ва Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар орасида 1-ўрин, Осиё бўйича эса 4-ўринни (Хитой, Япония ва Жанубий Кореядан кейин) эгаллади.

Фото: Мурод Юсуф / «Газета.uz»Фото: Мурод Юсуф / «Газета.uz»

Олимпиада совриндорлари:

Олтин медаль:

  • Диёра Келдиёрова (дзюдо, -52 кг);
  • Улуғбек Рашитов (таэквондо WТ, -68 кг);
  • Разамбек Жамалов (эркин кураш, -74 кг);
  • Ҳасанбой Дўсматов (бокс, -51 кг);
  • Абдумалик Халаков (бокс, -57 кг);
  • Асадхўжа Мўйдинхўжаев (бокс, -71 кг);
  • Лазизбек Мулложонов (бокс, -80 кг);
  • Баҳодир Жалолов (бокс, +92 кг).

Кумуш медаль:

  • Акбар Жўраев (оғир атлетика, -102 кг);
  • Светлана Осипова (таэквондо WТ, +67 кг).

Бронза медаль:

  • Музаффарбек Тўрабоев (дзюдо, -100 кг);
  • Алишер Юсупов (дзюдо, +100 кг);
  • Ғуломжон Абдуллаев (эркин кураш, -57 кг).