16 август санасидан Тошкент Марказий вокзали ўз фаолиятини қайта бошлайди. Бу ҳақда «Ўзтемирйўлйўловчи» хабар қилди.

Тошкент Марказий вокзалидан қатновчи маҳаллий йўналишларга саёҳатни аввалгидек Тошкент Марказий вокзалидан давом эттириш мумкин бўлади. Яъни юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб», тезюрар «Шарқ», «Насаф», «Ўзбекистон» поездлари ва «Тошкент-Волгоград-Тошкент» йўналишида ҳаракатланувчи поездлар аввалгидек Тошкент Марказий вокзалидан ҳаракатланади.

Ҳозирда Тошкент Марказий вокзали ва Тўқимачи бекатидан ҳаракатланаётган шаҳарлараро Хожикент, Гулистон, Ангрен, Хаваст, Бекобод йўналишларидаги поездлар ҳам 16 август санасидан бошлаб Тошкент Жанубий вокзалидан ҳаракатланади.

Эслатиб ўтамиз, 15 июлдан Тўқимачи бекатида модернизация ишлари олиб борилиши муносабати билан Тошкент-Марказий вокзалидан ҳаракатланадиган йўловчи поездлар Тошкент Жанубий вокзалидан ҳаракатланиши ҳақида хабар берилган эди.