Футбол бўйича Ўзбекситон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов MLS’нинг «Атланта Юнайтед» клубига ўтиши мумкин. Бу ҳақда футбол журналисти Фабрицио Романо Twitter’да маълум қилди.

«MLS'нинг «Атланта Юнайтед» клуби «Рома»га Элдор Шомуродовни янги ҳужумчи сифатида сотиб олиш таклифи билан мурожаат қилди. Музокаралар давом этмоқда ва уларни амалга ошириш учун яхши имконият мавжуд», — дея ёзди Романо.

Элдор Шомуродов 1995 йилда Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида туғилган. «Машъал» клуби академияси тарбияланувчиси фаолиятини шу клубда бошлаб, кейинчалик «Бунёдкор» жамоасига ўтган. 2017 йил ёзида у Россиянинг «Ростов» клубига кўчиб ўтди ва жамоа сафида уч мавсумда жами 91 ўйинда майдонга тушиб, 18 та гол урди, 12 та голга ассистентлик қилган.

2020 йил октябрь ойида ҳужумчини Италиянинг «Женоа»си 7,5 млн евро эвазига сотиб олди, бир йил ўтиб эса Шомуродов 17,5 млн евро трансфер суммаси билан Италиянинг бошқа клуби — «Рома»га ўтди. Ўтган мавсумда у «Кальяри» сафида ижара асосида ўйнади.

MLS (Major League Soccer) — АҚШ футбол Федерацияси томонидан ташкиллаштириладиган профессионал футбол лигаси, бу АҚШ футболининг энг юқори дивизиони ҳисобланади. 2023 йилги мавсумдан бошлаб лигада жами 29 жамоа — 26 та АҚШ ва 3 та Канада клублари иштирок этмоқда. Лиганинг «Интер Майами» клубида дунёнинг энг яхши футболчиларидан бири Лионель Месси топ суради.