13 август куни жиноят ишлари бўйича Бекобод тумани судида апрель ойида турмуш ўртоғини ўз жонига қасд қилишга мажбурлаганликда гумон қилиниб қўлга олинган фуқаро Д.Х.га (1989 йилда туғилган, муқаддам судланган) нисбатан ҳукм чиқарилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилоятининг Бекобод туманида 28 ёшли аёл уйнинг бешинчи қаватидан қулаб ҳалок бўлган эди. У турмуш ўртоғи томонидан мунтазам равишда зўравонликка учрагани хабар қилинган. Ҳодиса гувоҳи бўлган қўшниларга кўра, аёл пастга тушиб кетиши олдидан «яшашни истамайман, калтакларингдан тўйиб кетдим», дея бақирган. Илгари унга уч марта ҳимоя буйруғи берилган, аммо бу аёлга ёрдам бермаган. Ундан икки қиз фарзанди қолган.

Суд қарори билан Д.Х. Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисмида (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 9 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. У жазони умумий тартибли колонияда ўтайди.