13 август куни Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида янги оқова сувларни тозалаш иншооти қурилиши лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича битим имзолаш маросими бўлиб ўтди, дея хабар берди «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти матбуот хизмати.

Унда Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, Abu Dhabi Sustainable Water Solutions (SWS) компанияси вакиллари ва «Ўзсувтаъминот» корхонаси раҳбари в.б. Ахмад Сувонқулов иштирок этди.

Лойиҳа доирасида «Сурум» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида суткасига 1 млн (кейинчалик 1,5 млн) куб метр қувватга эга замонавий оқова сув тозалаш иншооти ва 42 километрли оқова сув коллекторларини қуриш ишлари кўзда тутилган.

Лойиҳа SWS ва технологик ҳамкорлари сифатида танланган Suez (Франция) ва Marubeni (Япония) компаниялари консорциуми томонидан амалга оширилади.

Объектда оқова сувларни тозалаш билан боғлиқ жараёнларини самарали мониторинг қилиш ва бошқаришни таъминлайдиган SCADA (маълумотларни бошқариш ва йиғиш) ва GIS (геоинформацион) тизимлари жорий этилади.

abu dhabi sustainable water solutions, marubeni, suez, канализация, оқова сув

Замонавий технологияларни жорий қилиш натижасида оқова сув тозалаш жараёни самарадорлиги янада ошириш ва ресурслардан тежамкорлик билан фойдаланишни таъминлаш кутилмоқда. Хусусан, 10 млн кВтдан кўпроқ электр энергия иқтисод қилиниши режа қилинган.

Лойиҳа Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир ва Янгиҳаёт туманларидаги санитар-эпидемиологик ва экологик ҳолатни ва 1,5 миллионга яқин аҳолининг оқова сув хизматини яхшилайди, 500 мингдан ортиқ аҳоли ҳамда 100 дан ортиқ корхона-ташкилотлар марказлашган оқова сув хизмати билан таъминланади.

Тадбирда сўзга чиққан Ахмад Сувонқулов ушбу лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши самарали ва узоқ муддатли ҳамкорликни таъминлашини таъкидлади. Шунингдек, ичимлик суви таъминоти ва оқова тизимини ривожлантириш бўйича бошқа лойиҳаларни ҳам амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Маълумот учун, Abu Dhabi Sustainable Water Solutions — Абу Дабидаги (БАА) оқова сувларни йиғиш, тозалаш ва қайта ишлатишнинг ягона ташкилотчиси ҳисобланади. Компания томонидан ҳар куни 1,3 млн куб метрдан ортиқ оқова сув 200 дан ортиқ насос станциялари ва 42 та тозалаш станциялари томонидан қўллаб-қувватланадиган 12 минг км узунликдаги кенг тармоқ орқали йиғилади.