«Янги Ўзбекистон» нашрида Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов Марказий Осиё интеграцияси, хусусан, Остона шаҳрида якунланган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи Маслаҳат учрашуви якунлари тўғрисидаги «Ўзбекистон ташқи сиёсатида янги Марказий Осиё» мақоласи эълон қилинди.

Комилов қайд этишича, Остона саммити ўз моҳиятига кўра, минтақа давлатларининг ҳамкорликни янада изчил илгари суриш, Марказий Осиё бешлиги доирасида ҳар томонлама кооперацияни кенгайтиришга бўлган интилишини намойиш этди.

«Бундан бор-йўғи етти йил олдин чегараларимиз деярли тўлиқ ёпилган эди. Биз чегара ҳудудларидаги можаролар ва миналанган далаларга, транспорт блокадаларига, савдо соҳасида баланд тўсиқлар ўрнатилганига гувоҳ эдик. Сув ресурсларидан, яйловлар ва сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш масалалари бўйича тинимсиз тортишувларнинг очиқ қарама-қаршиликка айланиб кетиш хавфи бор эди», — дея таъкидлаган махсус вакил.

«Минтақадаги баъзи кучлар ишончсизлик руҳини авж олдиришва умумий тарихий меросимиздан ўз манфаатлари учун фойдаланиш орқали мухолифлик ва рақобатни келтириб чиқарарди. Тарқоқлигимиз бизни заифлаштирар, бирлашиш истиқболларидан маҳрум этар, минтақа салоҳиятини муштарак манфаатлар йўлида рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилар эди. Буларнинг барчаси асрлар давомида ёнма-ён тинч-тотув яшаб келган, бир динга эътиқод қилган, умумий урф-одат ва анъаналарга эга бўлган, минглаб кўринмас ришталар билан боғланган Марказий Осиё халқларининг маданий-цивилизациявий қадриятларига мутлақо зид эди», — дея қайд этди Комилов.

Мақолада Ўзбекистон раҳбари янги яхлит Ташқи сиёсат доктринасини шакллантиргани эслатиб ўтилган. Унда халқаро ва минтақавий хавфсизликнинг долзарб муаммолари, замонавий таҳдид ва хатарлар, янги дунё тартиботини шакллантириш ва бошқа масалаларга нисбатан Ўзбекистоннинг қарашлари ва ёндашувлари белгиланган.

Қайд этилишича, доктринада дунёнинг ривожланган давлатлари билан тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат, ишонч ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш асосида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш кўзда тутилган. Осиё, Европа, Америка ва Африканинг етакчи давлатлари, нуфузли халқаро ташкилотлар билан изчил сиёсий мулоқотни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Ушбу доктринада Ўзбекистон президенти томонидан Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши этиб белгиланган. «Қўшнилар билан ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги»га эришиш энг муҳим мақсад қилиб қўйилди. Ўз хавфсизлигини бошқа давлатлар хавфсизлиги ҳисобига мустаҳкамлашга йўл қўймаслик, очиқлик, прагматизм ва конструктивлик, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олиш, проактив мулоқот тамойиллари минтақавий сиёсатнинг концептуал асосига айланди.

«Ўзбекистон объектив равишда Марказий Осиёнинг келажаги учун алоҳида масъулиятни ўз зиммасига олган. Бу омилбиз минтақанинг барча мамлакатлари билан умумий чегараларга эга эканлигимиз билан изоҳланади. Мамлакатимизда Марказий Осиё аҳолисининг ярмидан кўпи, минтақадаги барча халқларнинг йирик жамоалари яшайди. Ўзбекистон тараққиётининг деярли барча ҳаётий муҳим масалалари — сувдан тортиб, транспорт йўлаклари, минтақавий хавфсизлик ва савдо-сотиққачачегарадош давлатлар билан яхши қўшничилик ва олдиндан тахмин қилиш мумкин бўлган муносабатларга боғлиқ», — дея ёзган Абдулазиз Комилов.

«Тошкентнинг Марказий Осиёда сиёсий-дипломатик, иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги ёндашувларидаги ўзгаришлар нафақат Ўзбекистоннинг қўшнилар билан давлатлараро муносабатларини тубдан яхшилаш учун шароит яратди, балки Марказий Осиёнинг янги форматда янада жипслашиши ва интеграциялашувига замин бўлди», — дея такидлайди у.

«Ўзбекистон Қозоғистон билан чегарани ҳуқуқий расмийлаштиришни тўлиқ якунлади, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан чегарани делимитация қилди. Чегарадаги ўнлаб ўтказиш пунктлари ўз фаолиятини тиклаб, мамлакатларимиз ўртасида одамларнинг ҳаракатланишини сезиларли даражада осонлаштирди».

«Бугунги кунда Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги чегараларни ҳақли равишда дўстлик ва яхши қўшничилик кўприги, деб аташ мумкин. 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ички ҳужжат -фуқароID-картасини тақдим этган ҳолда Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини кесиб ўтиш тартиби амал қилаётгани бунинг тасдиғидир. Худди шундай лойиҳа Қозоғистон томони билан ҳам муҳокама қилинмоқда», — дея қайд этди Комилов.

«Президент Шавкат Мирзиёев Остона саммитида Марказий Осиёда миллий ID-карталарни ўзаро тан олиш ва „Бир тур — бутун минтақа“ тамойили асосида оммавий туристик маҳсулотларни ишлаб чиқишни таклиф қилди. Шу билан бирга, Тожикистон-Қирғизистон чегарасини тавсифлашда сезиларли ютуқларни кўрмоқдамиз. Бугунги кунда чегара умумий узунлигининг 90 фоиздан зиёд қисмибўйича келишувга эришилган», — дейилади мақолада.

«Бошқача айтганда, буларнинг барчаси турли келишмовчиликларга қарамай, томонлар ўзаро ишонч ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда мақбул битимларга тайёрлик тамойилларига амал қилса, ўткир, нозик ва мураккаб муаммоларни ҳал қилиш мумкинлигини кўрсатади», — дейди Комилов.

Комиловнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёни барқарорлик ва изчил тараққиёт ҳудудига айлантириш бўйича кенг қамровли стратегиясининг яна бир муҳим таркибий қисми Афғонистонда узоқ муддатли тинчликка эришишдир.

«2016 йилда Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон президенти этиб сайланиши билан Тошкентнинг афғон сиёсати тизимли ва комплексли тус олди. Афғонистон бўйича янгича ёндашувнинг ўзига хос хусусияти минтақа давлатлари ва бутун жаҳон ҳамжамиятининг Афғонистон ҳудудида узоқ муддатли тинчликка эришиш ва ушбу мамлакатнинг минтақа билан хўжалик алоқаларига интеграциялашувини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш бўлди», — дейилади мақолада.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2022 йилда қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг «Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш» махсус резолюциясида Марказий Осиё ва умумий аҳолиси қарийб 2 миллиард киши бўлган Жанубий Осиё ўртасида алоқаларни ўрнатишда Афғонистон алоҳида ўрин тутиши эътироф этилади.

«Тошкентнинг Афғонистон бўйича жорий сиёсатининг яна бир муҳим хусусияти шундаки, Ўзбекистон Афғонистонга бутун Марказий Осиёнинг узвий, ажралмас қисми сифатида қарайди», — дея маълум қилди президент махсус вакили.

«Янги Марказий Осиё жаҳондаги қудратли давлатлар ва етакчи давлатларни ўзига тортадиган минтақага айланди. Бугунги кунда Марказий Осиё 10 дан зиёд „Марказий Осиё+“ форматлари доирасида 40 га яқин давлат ва иккита минтақавий ташкилот билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Ҳамкорлик салоҳияти ва имкониятлари ҳақида гапирганда, таъкидлаш жоизки, ушбу иқтисодий макондаги давлатлар ҳиссасига жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 75 фоизи тўғри келади ва уларда тўрт миллиардга яқин аҳоли истиқомат қилади», — дейди Комилов.

«Ўз навбатида, Марказий Осиё ҳамкорларимиз учун 80 миллиондан ортиқ истеъмолчига эга истиқболли бозор ҳисобланади. Бу ерда жаҳон нефть ва газ захираларининг 7 фоизи, рақамли ва яшил трансформация учун зарур бўлган ўта муҳим нодир материалларнинг катта захиралари тўпланган. Хусусан, минтақада мавжуд 10 турдагиўта муҳим материаллар захираси 5,2 фоиздан 38,6 фоизгача бўлган миқдорни ташкил этади», — дея қайд этди у.

«Марказий Осиё ўз субъектлигини мустаҳкамлаб, моҳиятан жаҳон майдонида мустақил иштирокчига айланиб бўлганини тан олмасликнинг иложи йўқ. Айни вақтда мамлакатларимиз ташқи ҳамкорлар билан ўзаро муносабатларни йўлга қўйишда умумий ёки яқин позициядан туриб фаол ҳаракат қилмоқда», — дейди у.

2025 йилда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг саммитига Ўзбекистон мезбонлик қилади. Абдулазиз Комилов минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор вазифаларни қайд этиб ўтди.

Биринчидан, сиёсий мулоқотни янада чуқурлаштириш. «Очиқлик, тенг ҳуқуқлилик, ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланган сиёсий ишончни мустаҳкамлаш лозим. Бу борада барча даражаларда мунтазам сиёсий мулоқотни давом эттириш ва янада ривожлантириш, унга тизимли ва кўп қиррали тус бериш муҳим аҳамият касб этади».

Иккинчидан, «иқтисодий йўналишда стратегик ўсиш ва туб ўзгаришни амалга ошириш бизнинг устувор вазифамиз» бўлиши керак. «Биз минтақамизни иқтисодий ўсиш ва инвестицион фаолликнинг жаҳон марказларидан бирига айлантириш тарафдоримиз». «Ягона минтақавий бозорни шакллантириш бизнинг узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган стратегик мақсадимиз бўлиши керак», — дея муаллиф Ўзбекистон президентидан иқтибос келтирган.

Учинчидан, саноат кооперацияси бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суриш.

Тўртинчидан, транспорт-коммуникация салоҳиятини рўёбга чиқариш.

Бешинчидан, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик. «Марказий Осиёда умумий энергетика бозорини шакллантириш бўйича қўшма ёндашувларни ишлаб чиқишга объектив зарурат мавжуд».

Олтинчидан, иқлим ўзгаришига мослашиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш. «Қишлоқ хўжалиги экинларининг серҳосил навларини яратиш, суғоришнинг янада оқилона усулларини излаш, аграр соҳага сувни тежайдиган технологиялар ва инновацияларни жорий этиш учун агросаноат кооперацияси соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш муҳим».

Еттинчидан, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш. «Маданият, фан, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни давом эттириш муҳимдир. Марказий Осиё мамлакатларининг тобора жипслашиб бораётгани минтақани дунёдаги энг жозибадор сайёҳлик йўналишларидан бирига айлантириш учун мислсиз имкониятлар яратмоқда».

Мақола сўнгида Абдулазиз Комилов «2017 йилда Ўзбекистондаги кенг кўламли ўзгаришлар ҳамда Тошкентнинг яхши қўшничилик ва ҳамкорлик бўйича инновацион сиёсати натижасида бошланган Марказий Осиёда минтақавий яқинлашув жараёни бугунги кунда барқарор ва ортга қайтмас тус олган»ини таъкидлади.

«Давлат раҳбарининг сиёсий иродаси, мисли кўрилмаган прагматизми, ишончни мустаҳкамлаш чоралари ва узоқни кўзлаган дипломатияси,асосий давлатлараро ва минтақавий муаммоларни ҳал қилиш учун оқилона муросага тайёрлик Марказий Осиёда тортишув ва келишмовчиликлардан ўзаро англашув ва ҳамкорлик сари стратегик қадамни таъминлади», — дея қайд этган у.