Паралимпиячиларни Париждаги ўйинларига кузатиш маросими доирасида адаптив спорт турлари бўйича федерацияларни ўз тизимига бирлаштирган ягона Адаптив спорт турлари ассоциацияси ташкил этилди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ташкилот президентнинг махсус топшириғига асосан, адаптив (жисмоний имконияти чекланган шахсларга мослаштирилган) спортни ривожлантириш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни адаптив спортга жалб қилиш мақсадида очилди.

ИҲМА директори ўринбосарлари ташкилот масъул лавозимларини эгаллади. Хусусан:

  • директор ўринбосари Мухторхон Ташходжаев — Адаптив спорт ассоциацияси раиси;
  • директор биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева — Миллий паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари;
  • директор ўринбосари Сирожиддин Абдуллаев — «Ўзбекистон махсус олимпиадаси» республика жамоат бирлашмаси раисининг биринчи ўринбосари;
  • директор ўринбосари Жамшид Абруев — Кўзи ожизлар спорти федерацияси раисининг биринчи ўринбосари;
  • агентлик ҳузуридаги Ижтимоий инспекция раҳбари Хусниддин Кутпиддинов — Карлар спорти федерацияси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сайланди.

«Эндиликда нафақат параспорт турлари, балки ногиронлиги бўлган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган бошқа спорт турлари ҳам кенг ривожлантирилади», — дейилади хабарда. Мақсад — ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятга ижтимоийлашувини таъминлаш.