Президенти Шавкат Мирзиёев 12 август куни Бухоро вилояти имкониятлари таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказди.

«Икки ой олдин Бухорога ташрифда ҳамма муаммоларга ечим кўрсатиб, керакли маблағни ортиғи билан ҳал қилиб бердим. Ташрифдан кейин вилоятга 1,4 трл сўм ажратилди, бугун тадбиркорликка қўшимча 60 млн доллар, инфратузилмага 40 млн доллар ажратиш бўйича қарорни имзоладим. Ғиждувон бўйича ҳам ҳукумат қарори чиқаради», — деди президент.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, вилоятдаги 160 та давлат идорасида 5 минг нафар бошқарув ходими ишлайди, уларга бюджетдан йилига 455 млрд сўм (ҳар бир ходимга ўртача ойига 7,58 млн сўм) ойлик тўланади.

Ҳудудларда ишлашга энг катта тўсиқ ҳудудий ташкилотлардаги малакасизликдир. Ходимлар учун KPI ўрнатилмаган, рақамлаштириш тўғри йўлга қўйилмаган, инновацияларга ўргатиш йўқ.

«[Вилоят ҳокими Ботир] Зарипов ва унинг ўринбосарлари, туман ҳокимлари бу ташкилотларга аниқ вазифа KPI белгилаб, ҳар куни аниқ натижаларга ишлашлари керак. Вилоятда иш ўрни қиламан деган жуда кўп тадбиркор лойиҳасини юргиза олмаяпти. Чунки вилоят, туман ҳокимлари улар билан етарли мулоқот қилмаяпти, ҳоким ўринбосарлари бир бўлиб ишламаяпти», — деди президент.

Вазирликлар ўз тизимида методология, регламент ва рақамлаштиришни йил якунигача тартибга келтириши зарурлиги тўғрисида огоҳлантирилди.

Шавкат Мирзиёев мутлақо янги иш тизими бўлишини айтди. Президент Бухорода энг асосий масала хизматларни ривожлантириш соҳаси эканини таъкидлади.

Вилоятда 584 та меҳмон уйи, 122 та умумий овқатланиш, 18,5 мингта савдо, 30 та саломатлик ва фитнес марказлари бор. Бухоронинг таомлари машҳур, лекин ҳар минг кишига тўғри келадиган ошхона ва ресторанлар сони Самарқанддагидан 10 карра кам, деди давлат раҳбари.

103 та лойиҳа ташкилоти, 2 минг 372 та қурилиш ташкилоти ҳам тўлиқ ишга солинмаяпти. Ҳудудларнинг мастер режасини ишлаб чиқиб, савдо ва сервис шохобчаларини жойлаштириш мумкин, деди у.

Шу боис Бухородаги 62 та массив ва 54 та кўчада хизматларни ривожлантириш бўйича қарор қабул қилинди. Уларнинг бири овқатланиш, иккинчиси саломатлик, бошқалари меҳмонхона, ҳунармандчилик, савдо ва хизматларга ихтисослаштирилади. Жами 4 мингта тадбиркорлик ташкил қилиниб, 6 минг аҳолининг бандлиги таъминланади.

Шавкат Мирзиёев саноат зоналарида ер ажратишни енгиллаштириш, бунга хизмат кўрсатишни ҳам қўшиш таклифини қўллаб-қувватлади. Бундан буён сервис жойларини сотиб олиш учун алоҳида кредит тури — «хизмат ипотекаси» йўлга қўйилиши маълум қилинди.