Шавкат Мирзиёев 12 августдаги қарори билан Жанубий Кореядан олтита Hyundai Rotem тезюрар электропоездини харид қилиш лойиҳасини техник-иқтисодий асослашнинг асосий параметрларини тасдиқлади. Поездларни Корея Эксимбанки маблағларини жалб қилган ҳолда харид қилиш режалаштирилмоқда.

Лойиҳанинг умумий қиймати 220,03 миллион еврога баҳоланмоқда. Келишув доирасида Ўзбекистон 21,3 миллион евро, «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси 13,5 миллион евро, Корея Эксимбанки эса 185,18 миллион евро эквивалентида 40 йилга, шу жумладан, 10 йиллик имтиёзли даврга қарз беради.

Лойиҳани амалга ошириш муддати 6 йил — 2024 йилдан 2030 йилгача. Янги поездлар йилига 1,31 миллион йўловчини ташиши кутилмоқда. Лойиҳанинг ўзини оқлаши 25,1 йил деб баҳоланмоқда.

Лойиҳани амалга ошириш ва кредитдан мақсадли фойдаланиш учун масъул бўлган ижро этувчи органлар этиб «Ўзбекистон темир йўллари» ва унинг таркибидаги «Темирйўлэкспресс» корхоналари белгиланди. Қарз ва фоизларни «Темирйўлэкспресс» тўлайди.

Миллий банк кредит ҳисоб-китоблари бўйича молия агенти бўлиб, у Корея томонидан ваколатли банк билан битимлар тузиш ҳуқуқини олади. Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров қарзларни қайта кредитлаш бўйича битим тузиши мумкин бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Hyundai Rotem поездларини «Тошкент — Хива» темирйўли учун сотиб олиш режалаштирилган. Поезд 7 та вагондан иборат бўлиб, 351 йўловчини сиғдира олади ва соатига 250 км тезликка эга.

Қарорда қайд этилишича, 465 км узунликдаги «Бухоро — Урганч — Хива» темирйўлини жорий йил якунига қадар, «Мискин — Нукус» темирйўлини 2026 йил якунига қадар электрлаштириш режалаштирилган.

Тезкор алоқа йўлга қўйилгандан сўнг Тошкентдан Хивагача деярли икки баравар тезроқ (ҳозир — 13 соатдан ортиқ) етиб бориш мумкин бўлади.