Шавкат Мирзиёев 12 август куни Ўзбекистонда факторинг хизматлари бозорини жадал ривожлантириш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Факторинг — келажакдаги даромадни пулга айирбошлаш. Масалан, сиз йирик савдо тармоқларига маҳсулот етказиб берувчисиз. Бир неча йил давомида озиқ-овқат етказиб берасиз ва етказиб берилган партия учун тўловни кутасиз. Кўпинча тўлов етказиб берилган пайтдан бошлаб 2−4 ҳафта кечикиш билан амалга оширилади, бу эса айланма маблағни музлатиб қўяди.

Ва бу ерда факторинг-компания, масалан, банк, микромолия ташкилоти ёки факторинг ташкилоти пайдо бўлиши мумкин, улар ҳисобварақ-фактурани олишда етказиб берувчига барча суммани, масалан, 3% чегирма билан тўлайди. Бундай вазиятда ҳамма ютади: чакана сотувчи товарни олади, етказиб берувчи ўз пулини олади, факторинг компанияси ўз комиссиясини — партия учун тўланган ва қопланган сумма ўртасидаги фарқни олади.

Фармонга кўра, факторинг ташкилотлари нобанк кредит ташкилоти сифатида Марказий банкда рўйхатдан ўтгандан кейин ушбу фаолият билан шуғулланиши мумкин.

Ҳозирда Марказий банк Халқаро молия корпорацияси билан биргаликда факторинг хизматлари бозорини ривожлантириш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.

2025 йил 1 январдан кредит ташкилотларига факторинг шартномалари бўйича сотиб олинган пул талабномаларини қайта сотиш (рефакторинг) имкониятига эга бўлади. Шунингдек, мижознинг контрагенти норезидент бўлганда, факторинг операцияларини хорижий валютада амалга оширишга рухсат этилади.

Келгуси йилдан бошлаб пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш бўйича тақиқни бузганлик учун жавобгарлик бекор қилинади. Шунингдек, воз кечилган ҳуқуққа бўлган талабномаларнинг устуворлигини
таъминлаш мақсадида пул талабномасидан воз кечиш тўғрисидаги хабарномалар гаров реестрида рўйхатга олинади.

Бундан ташқари, қарздорнинг розилигисиз пул мажбуриятининг валютаси ва тўлов амалга ошириладиган мамлакат ўзгартирилиши мумкин эмас.

Президент факторинг хизматлари учун электрон платформани жорий этишни тасдиқлади. Факторинг платформаси қуйидаги хусусиятларни тақдим этади:

  • тадбиркорлик субъектлари томонидан факторинг хизматларидан фойдаланиш учун пул талабномалари тўғрисидаги маълумот ва ҳужжатларни киритиш;
  • пул талабномасига асос бўлган ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини текшириш, шунингдек, қарздорлар тўғрисидаги маълумотларни тезкор йиғиш ва уларнинг реал вақт режимида таҳлил қилинишини таъминлаш орқали молиялаштириш жараёнини автоматлаштириш;
  • кредит ташкилотлари томонидан таъминот занжири иштирокчиларига факторинг хизматлари кўрсатилиши учун қулай, тезкор ва хавфсиз технологик инфратузилмани тақдим этиш.

Шунингдек, платформа «Электрон ҳукумат» тизими, электрон ҳисобварақ-фактуралар маълумотлар базаси, электрон товар-транспорт юк хати тизими, Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими (ТСОЯЗАТ) билан интеграция қилинади. Банклар ва микромолия ташкилотлари ташаббуси билан Факторинг миллий ассоциацияси ташкил этилмоқда.

2025 йил 1 январдан экспорт контракти бўйича дебитор қарздорликни сотиб олиш тўғрисидаги шартнома асосида:

  • факторинг хизматларини кўрсатувчи кредит ташкилотлари резидент бўлганда, улар тўғрисидаги маълумотлар ТСОЯЗАТга экспорт контракти бўйича валюта маблағларини олувчи сифатида киритилади ҳамда активларни репатриация қилиш тўғрисидаги талабнинг бажарилишини таъминлаш мажбурияти мазкур молия агентларига ўтади;
  • молия агентлари норезидент бўлганда, активларни репатриация қилиш тўғрисидаги талабнинг бажарилишини таъминлаш мажбурияти экспорт қилувчида қолади. Бунда экспорт контрактлари бўйича дебитор қарздорликни сотиб олиш шартномаси асосида норезидент молия агентидан маблағ келиб тушганда, активларни репатриация қилиш тўғрисидаги талаб бажарилган ҳисобланади;
  • кўрсатилган хизматлар учун молия агентлари томонидан ушлаб қолинадиган пул талабномаси суммасининг 10 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдордаги мукофот пули (дисконт) дебиторлик қарзи сифатида ҳисобга олинмайди;
  • экспорт қилувчининг норезидентга (қарздорга) нисбатан экспорт шартномасидан келиб чиқадиган хорижий валютадаги пул талаблари эвазига резидент бўлган молия агенти томонидан миллий валютада пул маблағлари берилганда, экспорт қилувчилар учун назарда тутилган солиқ имтиёзларининг амалдаги тартиби сақлаб қолинади.

2026 йил якунига қадар давлат улуши мавжуд банклар томонидан кўрсатилган факторинг хизматлари улушини жами молиялаштириш ҳажмида 3 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.