Япония бош вазири Фумио Кишида сентябрь ойида ҳукмрон Либерал-демократик партия (ЛДП) етакчиси сифатида иккинчи муддатга сайланмайди, деб ёзмоқда The Japan Times.

Кишида бундай қарорни қатор можаролар, айниқса, ЛДП билан боғлиқ, сиёсий хайрияларни ўзлаштириш бўйича можародан кейин ҳукумат рейтингларининг пасайиши фонида қабул қилди. Ўшанда бир нечта вазирлар, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси бош котиби ва Кишиданинг ўнг қўли Хирокадзу Мацуно истеъфога чиққанди.

«ЛДП ўзгарганини яққол кўрсатишнинг энг осон йўли — четлашиш. Мен бўлажак раислик сайловларида иштирок этмайман», — деди Кишида 14 август куни ўз қароргоҳида бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

«Агар сиёсат ва сиёсатчиларга етарлича ишонч бўлмаса, ҳукумат асосий сиёсий қарорларни илгари сура олмайди» — дея тушунтирди у.

Бош вазир партия раҳбари томонидан «одатий аъзо» сифатида сайланадиган ҳар қандай шахсни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

«Партия етакчиси сифатида мен ҳеч иккиланмасдан унинг аъзолари қилган ишлар учун жавобгарликни ўз зиммамга оламан», — деди Кишида ва хайр-эҳсонлар можароси бошланганидан бери кетиш ҳақида ўйлаганини ва баёнот бериш учун қулай пайтни кутганини қўшимча қилди.

Япониянинг NHK телеканали томонидан ўтказилган сўров шуни кўрсатдики, август ойида Кишиданинг қўллаб-қувватлаш даражаси 25 фоизгача тушиб кетган. Ноябрь ойида, жанжал бошланишидан олдин, бу кўрсаткич 29 фоизни ташкил этган.

Июль ойида Asahi Shimbun газетаси томонидан ўтказилган сўровда респондентларнинг 74 фоизи сентябрь ойида бўлиб ўтган партия етакчиси сайловларидан кейин Кишиданинг ўз лавозимида қолишини хоҳламасликларини билдирган.

Ким партия президенти ва бош вазир бўлиши ҳозирча номаълум, деб ёзади The Japan Times. Номзодлар сайловда иштирок этиш учун камида 20 нафар қонун чиқарувчи ҳамкасбларининг розилигини олиши керак.

  • 67 ёшли Фумио Кишида 2021 йил сентябрида ЛДП раҳбари этиб сайланганди. Ўша йили у Япония бош вазири лавозимини эгаллади. Бунгача у Мудофаа вазирлиги раҳбари ва ташқи ишлар вазири лавозимларида ишлаган.
  • 9−12 август кунлари Кишида Қозоғистон, Ўзбекистон ва Мўғулистонга ташриф буюриши керак эди, аммо Японияда кучли зилзила бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш туфайли у ташрифни бекор қилган.