Шавкат Мирзиёев 14 август куни камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишди, деб хабар берди унинг матбуот хизмати.

Айтилишича, 2020 йилда жорий қилинган тизим натижасида узоқ йиллар оғир вазиятда бўлган 3 миллиондан зиёд одамнинг шароити яхшиланиб, камбағаллик даражаси 17 фоиздан 11 фоизга тушган.

Шу билан бирга, келгуси уч йилда камбағаллик даражасини 11 фоиздан 7 фоизга қисқартириш мақсад қилинган. Аммо ҳозиргача бўлган тизим билан натижадорликни ошириш қийин, деди президент. Унинг таъкидлашича, камбағал оилани танлашда аниқлик, уларни бу ҳолатдан олиб чиқиш ва маблағ ажратишда яхлитлик етишмаяпти.

ижтимоий ҳимоя, иҳма, камбағаллик, камбағалликни қисқартириш, президент

Шу муносабат билан 12 июль куни Фарғона вилоятида ўтган йиғилишда давлат раҳбари бу борада янгича ёндашувлар кераклиги, энди камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя бир тизимда бўлишини айтган эди. Тақдимотда ушбу икки соҳани мутаносиб ривожлантириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Унга кўра, таҳлиллардан келиб чиқиб, камбағалликни аниқлаш мезонлари ва манзилли рўйхати шакллантирилади. Жумладан, унга «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»даги ҳамда камбағалликка тушиш хавфи юқори бўлганлар киритилади. Бундай оилалар «маҳалла еттилиги» ва фаоллари томонидан овоз бериш йўли билан тасдиқланади. Камбағалликдан чиқаришга қаратилган барча ижтимоий хизмат ва ёрдамлар «Инсон» марказлари томонидан амалга оширилади.

Камбағаллик омилларини ўрганиш учун ижтимоий ҳимоя ва бандлик масалаларида 8 та йўналишда ягона саволнома ишлаб чиқилади. Шу асосида оилаларнинг имкониятлари баҳоланиб, 3 та тоифага ажратилади. Ҳар бир оилага индивидуал ёндашилиб, «оёққа туриши»га кўмаклашилади.

Шу тариқа камбағаллик даражаси юқори бўлган маҳаллалар рўйхатини шакллантириш ҳам режалаштирилмоқда. ИҲМА ва ҳокимликлар томонидан ҳар йили 50 та маҳалла танлаб олиниб, улар камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириб борилади.

Тақдимотда қайд этилишича, ҳоким ёрдамчиларига 20 дан ортиқ вазифа юклатилгани сабабли камбағалликни қисқартириш масаласи иккиламчи даражага тушиб қолган. «Энди ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти қайта кўриб чиқилиб, асосий эътибор камбағалликни қисқартириш ва улар бандлигини таъминлашга қаратилади», — дейилади хабарда.

Йиғилишда ҳар йили камбағалликни қисқартиришга 14 триллион сўм йўналтирилаётгани, лекин бу маблағ 40 турдаги молиявий воситалар орқали 10 га яқин идора томонидан берилаётгани ҳам кўрсатиб ўтилди. Ягона ёндашув йўқлиги боис бу тизим ҳам ўзгартирилади.

Хусусан, маблағлар ҳудуд, туман ва маҳаллалар кесимида камбағал оилалар сонидан келиб чиқиб, мос равишда агентлик ва ҳокимликлар томонидан тақсимланади. Бунда маблағлар, биринчи навбатда, оилани камбағалликдан чиқаришга йўналтирилади.

Камбағалликни қисқартиришга қаратилган дастурлар ижроси бўйича 3 босқичда — маҳалла ва туман, вилоят ҳамда республика даражасида мониторинг ташкил қилинади. Бу борада жамоатчилик назорати кучайтирилади.

ижтимоий ҳимоя, иҳма, камбағаллик, камбағалликни қисқартириш, президент

Иш ўринларини захиралаш амалиёти ўрнига эҳтиёжманд кишиларни ишга олган тадбиркорлар учун солиқ имтиёзлари жорий қилинади. Бўш иш ўринларини тўлиқ рақамлаштириш, буюртмачини касаначи ва фрилансерга боғлайдиган онлайн платформа ташкил қилиш кутилмоқда. «Ишга марҳамат» мономарказларида камбағал фуқароларни хизматлар соҳасида замонавий касбларга ўргатиш йўлга қўйилади.

«Охирги йилларда тўпланган тажриба ва одамларнинг эҳтиёжидан хулоса қилиб, камбағалликни қисқартиришни янги босқичга олиб чиқиш керак. Эҳтиёжманд инсонларнинг хоҳиши ва имкониятини қўллаб-қувватлаб, ҳаётга, жамиятга олиб кириш зарур. Умуман, ҳар қандай ижтимоий ёрдам пировардида бандликка боғланиши шарт», — деди Шавкат Мирзиёев.