Россия армияси фронт чизиғидаги йўқотишларни янги аскарлар билан алмаштира олмади, бу 2022 йил февралида Украинага кенг кўламли босқин бошланганидан бери энг юқори даражага етди, деб ёзади Bloomberg Кремль ва Россия Мудофаа вазирлигига яқин учта манбага таяниб.

Агентлик суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, ҳозирда Россия минтақавий ҳокимиятлари ўртача ҳисобда ҳарбий хизматга чақириш квоталарининг учдан биридан ортиғини бажармаяпти. Армияга қўшилиш учун бонусларни ошириш ёрдам бермаяпти.

Вазият Россияни янги сафарбарлик масаласини кўриб чиқишга мажбур қилиши мумкин, деди Bloomberg’га икки манбаси. Расмийлар буни қўшинлар фронтда дам олиши учун ротация чораси сифатида кўрсатиши мумкин, дейди суҳбатдошлардан бири, иккинчиси эса сафарбарлик жорий йилнинг охирида амалга оширилиши мумкинлигини таъкидлади.

Украинанинг Россиянинг Курск вилоятидаги ҳужуми кам қаршиликка учрагани Кремль дуч келаётган муаммоларни кўрсатди, деб ёзди Bloomberg.

Россиянинг Украинанинг жанглар тўхтаб қолган шарқий ва жанубий фронтида юз минглаб аскарлари бор. Украинанинг Курск вилоятидаги ҳужуми қайтара олинмагани ва чегара назорати тикланмагани мудофаа захираларининг етишмаслигини кўрсатди, дейилади материалда.

Агентликка вазиятдан хабардор манбанинг айтишича, россиялик йўқотишлар кўлами ва етарлича бўлмаган ўрин алмашиш даражаси Украинадаги секин прогресс стратегиясини сақлаб қолишни тобора қийинлаштирмоқда. Унинг сўзларига кўра, Россия расмийлари ресурслар етишмаслиги сабабли Киев ва бошқа шаҳарларни эгаллаш масаласини ортиқ муҳокама қилмаяпти.

2022 йил сентябрь ойида Россия президенти Владимир Путин Россияда қисман сафарбарлик эълон қилганди. Бу икки ой давом этган, шу вақт ичида 300 минг киши Россия армиясига чақирилган.