Янги ўқув йили бошланишига саноқли ҳафталар қолди. Ўқув қуроллари орасида энг кўп харид қилинадиган маҳсулотлардан бири — мактаб сумкалари. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт мутахассисларининг сумкаларни қандай танлаш борасидаги тавсияларини улашди.

«Нотўғри танланган ва фойдаланилган рюкзаклар мактаб ёшидаги болаларнинг умуртқа поғонаси ҳамда мушаклари учун ортиқча юкламани келтириб чиқаради. Бу ҳолат келгусида сколиоз каби касалликларнинг ривожланиш хавфини ошириши мумкин», — дейди Республика болалар ортопедия маркази директори Акбар Тиляков.

Мактаб сумкаси боланинг орқа қисмига қулай жойлашадиган ўлчамда, тасмалари елка қисмига ботмайдиган кенг ва юмшоқ ёстиқчали қопламалар билан таъминланган бўлиши лозим.

Унинг сўзларига кўра, матоси сув ўтказмайдиган, орқа астари эса юпқа бўлмаслиги керак. Акс ҳолда, сумка ичидаги қаттиқ буюмлар, китоблар жилдининг бурчаклари кураклар ҳамда бел соҳасида оғриқ ва жароҳатларни келтириб чиқариши хавфи бор.

Рюкзакларни икки елкага баравар осиш тавсия этилади. Бу оғирликнинг тана бўйлаб мувозанатли тақсимланишига хизмат қилади ва умуртқа поғонаси эгрилиги билан боғлиқ патологиялар келиб чиқишидан асрайди.

Қайд этилишича, мактаб сумкаси белдан пастга тушмаган ҳолатда, лекин ундан 5 сантиметрдан кам бўлмаган узунликда тақиб юрилиши мақсадга мувофиқ.

Рюкзакнинг умумий оғирлиги бола вазнининг 10−15 фоизидан ошмаслиги керак. Бу меъёр кичик ёшдаги ўқувчилар учун тахминан 3−5 килограмм, ўрта синфдаги болажонлар учун 6−8 килограммга тенг.

Сумкага ўқув қуроллари ва жиҳозларини жойлаштириш ҳам муҳим жараён. Жумладан, оғир нарсалар рюкзак ўртасига, енгиллари ҳар икки томонига мувозанатли солингани маъқул.

Қолаверса, катта ҳажмдаги, оғир ва ноқулай рюкзаклардан фойдаланиш болажонларнинг зинапоя ва йўлакларда йиқилиш хавфини оширади.