Шавкат Мирзиёев 12 август куни ўтказилган йиғилишда хизматлар соҳасини ривожлантириш чора-тадбирларини маълум қилди.

Президент матбуот хизматига кўра, соҳани ривожлантириш муҳандислик ва фармацевтикада 23 фоиз, электротехникада 30 фоиз ўсишни таъминлайди. Шу боис хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш мақсадида Бухоро вилоятидаги 62 та массив ва 54 та кўчани ривожлантириш чора-тадбирлари тасдиқланди.

Бу кўчалар овқатланиш, саломатлик, меҳмонхона, ҳунармандчилик, савдо ва хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилади, уларда 4 минг нафар тадбиркор учун шароит яратилади ва 6 минг аҳоли бандлиги таъминланади. Уларда камида 5 та халқаро меҳмонхона ҳамда овқатланиш тармоқларини жойлаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Бундан буён қурилган хизмат кўрсатиш жойларини сотиб олиш учун алоҳида кредит тури йўлга қўйилади, деди президент йиғилишда. У мутасаддиларга «хизмат ипотекаси»ни жорий қилиб, кредит ажратишни бошлашни топширди.

Шунингдек, президент саноат зоналарида ер ажратишни енгиллаштириш, бунга хизмат кўрсатишни ҳам қўшиш таклифини қўллаб-қувватлади. Ҳар бир тумандан саноат ва хизмат кўрсатишга 20 гектардан ерларни белгилаб, лойиҳаларни амалга оширишга кўрсатма берилди.

Давлат раҳбари йиғилишда, шунингдек, коллеж ва техникумлардаги тўлиқ фойдаланилмаётган ўқув бинолари ва хоналари тадбиркорларга бевосита ижарага берилишини айтганди. Тушган маблағлар биноларни таъмирлаш ва жиҳозлар сотиб олишга сарфланади.