Андижон вилояти Асака туманидаги 37-умумтаълим мактабида ўқитувчиларни оғир қурилиш ишларига жалб қилган директор жазоланди. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги хабар қилди.

Аввалроқ мажбурий меҳнат пайти аёл ўқитувчилар мактаб ҳудудида арава судраб, оғир юмушларни бажаргани, улар ишга мактаб директорининг топшириғи билан чиққани, шунингдек, иш жараёнида мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси йиқилиб, қўли сингани ҳақида ёзгандик.

Хабарга муносабат билдирган Асака тумани ҳокимлиги ўқитувчилар бунга «ўз хоҳишларига кўра» рози бўлганини, «фаол ижтимоий фойдали меҳнатни ҳар қандай киши фақат олқишлашини» айтганди. Ҳокимлик ўқитувчилар жароҳат олганини инкор қилган.

Бандлик вазирлиги вазиятни Давлат меҳнат инспекцияси ўрганиб чиққанини маълум қилди. Аниқланишича, мактаб директори ўз кўрсатмасида таълим муассасасида қурилиш ишлари олиб борилгани, шу сабабли қурилишдан чиққан чиқиндиларни тозалаш ишларига 30 га яқин ўқитувчи-педагог ва техник ходимни мажбуран жалб қилгани, ходимлар иш ставкалари ва дарс соатлари қисқариб кетишидан хавотир олиб, ушбу ишларни кўрсатмаси асосида бажарганини қайд этган.

Ўрганиш давомида Меҳнат кодексининг 25-моддаси (Иш берувчининг мажбуриятлари) ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 349-сонли қарори (Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида) талаблари бузилгани аниқланди.

Мактаб директорига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) 2-қисмига асосан БҲМнинг 100 баравари (34 миллион сўм) миқдорида маъмурий жарима қўлланди.