Фирибгарлик жиноятларини содир этганликда айбланиб 2022 йилдан буён қидирувда бўлган Дилафруз Мадиева Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилинди. Бу ҳақда Истанбулдаги Бош консулхона хабар берди.

48 ёшли шахс Туркия ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида ушланган.

«Ушбу шахснинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига ёки Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ёхуд унинг қуйи тизимларига мурожаат қилиш сўралади», — дейилади хабарда.

Консулхонанинг огоҳлантиришича, жиноий жавобгарликдан қочиб, хорижий давлатларда, шу жумладан, Туркияда яшириниб юрган ҳар бир шахсга нисбатан жиноий таъқиб изчил равишда давом эттирилади ва жиноят учун жавобгарлик принципи қатъий таъминланади.

Хабарда қўшимча қилишича, сўнгги вақтларда консулхонага Истанбул орқали АҚШ ва Европага юборишни ваъда қилиб, фирибгарлик содир этилгани ҳақидаги мурожаатлар сони ортган. Ташкилот фуқаролардан огоҳ бўлишни сўради.