Одатда пойабзалда юришга одатланганмиз. У қулай ва хавфсиз бўлгани боис оёқларни инфекция ва шикастланишдан асрайди. Бироқ мутахассислар соғлом бўлиш учун тез-тез оёқяланг юришни тавсия этади. Қуйида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ялангоёқ юришнинг 6 та энг муҳим фойдаси ҳақида эълон қилган маълумотини тақдим этамиз.

1-фойда

Оёқлар терисида бошқа жойларга қараганда кўпгина сезги рецепторлари жойлашган. Айниқса, товонда ички органлар фаолиятига жавоб берувчи рефлекслар бўлиб, бу машғулот туфайли тана аъзолари, хусусан, мия фаолияти яхшиланади.

2-фойда

Ялангоёқ юрганда тери ерда ҳосил бўлувчи манфий ионлар деб аталувчи зарядланган зарралар билан алоқада бўлади. Бу ионлар эса танадаги ижобий зарядланган эркин радикалларни мувозанатлашга ёрдам бериб, яллиғланишлар ва сурункали касалликлар ривожланиш хавфини камайтиради ҳамда организмнинг умумий ҳолатига ижобий таъсир этади.

3-фойда

Ушбу машғулот оёқлардаги кўплаб майда нервларнинг фаоллашишига олиб келади. Бу эса қон айланишини яхшилаб, иммунитетни ошириш ва стрессни камайтиришга ёрдам беради.

4-фойда

Ялангоёқ юришнинг яна бир фойдаси шуки, у оёқ мушакларини кучайтириб, валгус деформацияси, яссиоёқлик каби кўпгина ортопедик касалликларнинг олдини олишда асқатади.

5-фойда

Тез-тез ялангоёқ юриш натижасида уйқу яхшиланиб, организмдаги оғриқли ҳислар камаяди. Ҳатто 30−40 дақиқалик бундай машғулот билан стрессни енгиллатиш, қон айланишини яхшилаш мумкин. Шу билан бирга, у юқори нафас йўллари инфекцияларининг олдини олишда ҳам анчагина фойдали.

6-фойда

Ёзда иссиқ қум ёки тупроқ устида ялангоёқ ҳаракатланиш орқали оёқларда пайдо бўладиган замбуруғларга қарши фаол курашиш мумкин. Айниқса, иссиқ ҳавода оёқ терлашини камайтириш ва ёқимсиз ҳидларни йўқ қилиш учун ҳам ялангоёқ юриш тавсия этилади.

Диққат! Қандли диабетга чалинган ва оёқларда ёриқлар, кесмалар пайдо бўлиш хавфи бор инсонларга бу машғулот тавсия этилмайди. Шунингдек, ер юзаси совуқ бўлиши мумкинлиги сабабли сурункали буйрак хасталиги, ревматизм ва подагра каби касалликлардан азият чекувчи инсонларга ҳам пойабзалсиз юриш мумкин эмас.