Америкалик тадқиқотчилар Марс сатҳининг чуқур остки қисмида суюқ сувдан иборат катта ерости резервуари бўлиши мумкинлигини аниқлади, деб хабар бермоқда Reuters.

Олимлар NASA’нинг InSight Lander аппарати томонидан олинган сейсмик маълумотларни таҳлил қилиб шундай хулосага келди. Таҳлил натижалари Proceedings of the National Academy of Sciences журналида чоп этилди.

InSight (Interior Exploration using Seismic Investigations, Geodesy and Heat Transport) модули 2018 йилда Марснинг ички қисмини ўрганиш учун қўшни сайёра юзасига қўнган. 2022 йилда якунланган миссияси давомида зонд қизил сайёра қобиғининг қалинлиги, унинг мантияси ҳарорати, ядро чуқурлиги ва таркиби бўйича «мисли кўрилмаган маълумотлар» тўплаган. Модулнинг сейсмометри сайёрадаги марс қимирлаши деб аталадиган биринчи зилзилаларни ҳам қайд этди, дея аниқлик киритди CNN.

Таҳлил шуни кўрсатдики, сув Марс юзаси остида 11,5 дан 20 километргача чуқурликда жойлашган ва микроблар ҳаётини қўллаб-қувватлаш учун потенциал шароитга эга.

«Ушбу чуқурликларда ер қобиғи сув суюқлик ҳолида бўлиши учун етарли даражада иссиқ. Саёзроқ чуқурликда сув муз кўринишида музлаб қоларди», — деди тадқиқотнинг етакчи муаллифи, Сан-Диегодаги Калифорния университети сайёрашуноси Вашан Райт.

«InSight сейсмик тўлқинлар тезлигини ва уларнинг чуқурлик билан ўзгаришини ўлчашга муваффақ бўлди. Сейсмик тўлқинларнинг тезлиги тоғ жинсининг нимадан ясалганига, қаерда ёриқлар борлигига ва ёриқларни нима тўлдиришига боғлиқ, — деб тушунтирди Райт. — Биз сейсмик тўлқин тезлиги, гравитация ўлчовлари ва тоғ жинслари физикаси моделларини бирлаштирдик. Тоғ жинслари физикаси моделлари биз Ердаги сувли қатламларнинг хусусиятларини ўлчаш ёки ер остидаги нефть ва газ ресурсларини хариталаш учун фойдаланадиган моделлар билан бир хил».

Иллюстрация: James Tuttle Keane/Aaron Rodriguez/Scripps Institute of Oceanography.Иллюстрация: James Tuttle Keane/Aaron Rodriguez/Scripps Institute of Oceanography.

Марс юзаси, олимларнинг фикрига кўра, океанлар, кўллар ва дарёлар билан қопланган бўлган, аммо уч миллиард йил олдин сайёра атмосферанинг катта қисмини ва, шунга мос равишда, сув ресурсларини йўқотган. Сувнинг бир қисми буғланиб, космосга чиқиб кетган, баъзилари муз шаклида сақланиб қолган ва, эҳтимол, қобиққа сингиб кетган.

«Ерда ерости сувлари ер остидан сизиб чиқади ва биз Марсда ҳам шунга ўхшаш воқеа содир бўлишини кутяпмиз. Бу ер қобиғининг устки қисми бугунги кунга нисбатан иссиқроқ бўлган бир вақтда содир бўлган бўлиши керак», — деди лойиҳада иштирок этган Берклидаги Калифорния университети профессори Майкл Манга.

Аммо бу суюқ сув захираларининг чуқурлиги унга киришни қийинлаштиради. «Марсда 10 километр чуқурликдаги қудуқни бурғилаш — бу ҳатто [Элон] Маск учун ҳам қийин бўлади», — деди Манга.

Марс юзаси чуқурлигида суюқ сув бўлиши мумкинлиги ҳақидаги ғоя ўнлаб йиллар давомида мавжуд эди, аммо сайёрага миссиядан олинган маълумотлар бу каби тахминларни биринчи марта қўллаб-қувватлаган бўлиши мумкин, деди CNN’га Корнелл университети (АҚШ) сайёрашуноси ва астробиологи Альберто Файрен (тадқиқотда иштирок этмаган — таҳр.).

Унинг сўзларига кўра, сув, эҳтимол, «чуқур ерости лойқаси»ни ифодалайди.

«Ушбу янги натижалар шуни кўрсатадики, бугунги кунда Марснинг ички қисмида суюқ сув мавжуд, аммо алоҳида ва ажратилган кўллар шаклида эмас, балки суюқ сув билан тўйинган чўкиндилар шаклида», — деди у.